Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ноёб ҳужжатли фильм – “Усмон Мусҳафи: Мадинадан Мовароуннаҳр сари” номли лойиҳа устида иш бошланмоқда. Фильмда дунёдаги энг қадимий Қуръон қўлёзмаси – VII асрда пергаментга ёзилган, ҳажми 53х68 см бўлган ва 353 варақдан иборат Усмон Мусҳафининг Мадинадан Мовароуннаҳргача бўлган тарихий йўли ёритилади.
Фильмда қўлёзманинг яратилишидан тортиб, турли цивилизациялар даврида бошдан кечирган мураккаб тарихий жараёнлар, унинг Ўзбекистонга қандай сақланиб келгани ва ҳозирда Ислом цивилизацияси марказида муқаддас мерос сифатида эъзозланаётгани ҳужжатлар, тарихий манбалар ҳамда мутахассисларнинг изоҳларига таянган ҳолда ёритилади.
Мазкур ҳужжатли фильм марказдаги экспозиция таркибига киритилиши режалаштирилган бўлиб, у зиёратчилар ва меҳмонлар учун муҳим маънавий-тарихий тажрибани тақдим этади. Фильм орқали томошабинлар нафақат Қуръоннинг тарихий қадр-қиммати, балки Ўзбекистон заминининг бу бебаҳо меросни асраб-авайлашдаги тутган ўрни ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлишади.
cisc.uz
Бугун, 16 май куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов Тайлоқ туманидаги “Ўрта” масжидга борди. Домла жума намозидан олдин “Камтарга камол, манманга завол” мавзусида маънавий-маърифий маъруза қилди.
Маърузада инсоннинг ички камолотга эришишида камтарликнинг нақадар муҳим экани, манманлик ва кибр каби хулқларнинг инсон ва жамият учун келтириши мумкин бўлган салбий оқибатлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Ислом ахлоқ-одобининг олий қоидалари, нафсни тарбиялаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва инсофни қарор топтириш каби мавзулар кенг ёритилди.
Жума намозини ўқиш асносида юрт тинчлиги, эл-юрт фаровонлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати