Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бу инсонни Мисрда ҳамма танийди, у шунчалик бойки, сепган атирини ҳидига ошиқ бўлмай иложи йўқ. Ёнимиздан ўтса атир ҳиди бошқаларга ҳам ўрнашиб қоларли эди.
Эътикофда ўтирган вақтимиз, ўша инсон ёнимга келиб, "Сизга саволим бор", деди.
Мен ҳам бажонидил савол жавобга тайёрлигимни айтдим, анча суҳбатлашдик.
Кейин у инсонга ўзимни қизиқтирган бир икки саволларимни бердим:
Эътикофда неча кун бўласиз, яъни сизни ишингиз жуда кўп, ишларингиз боис кириб чиқиб турасизми?
Йўқ, ўн кун ўтираман.
Ҳа, демак телефон орқали бошқарув қилсангиз бўлар экан-да, сабаби биз билишимиз-ча сизда катта бизнеслар ва уларни бошқариш бор.
У одам эса бир паст сукут қилгач, йиғлаб юборди.. Масжидга телефонсиз келганман…
Ноўрин савол берганимдан хижолат бўлиб, узр сўрадим, шунда қаршимдаги инсон ўз ўтмишидаги воқеани баён қилди.
Бундан бир неча йил олдин, 3-4 киши шерикчиликда, яъни улардан пул олиб бир иш бошлагандим, кутилмаганда ишимиз ўхшамай, инқирозга учради.
Кейин қўл телефонимга эрталаб соат 8:00 да маҳкамага бориб, 8000 миср фунтини тўлашим кераклигини, йўқса қамалишим ҳақида хабарнома келди.
Шунчалик тушкунликка тушдимки, бир аҳволда уйга кирдим. Аёлим мени кўриб «нима бўлди» деди, мен индамай ётоғимга кириб ётдим.
Аёлим солиҳа, у менга ортиқча савол бермади, ҳар гал тушкунликка тушсам биламанки, аёлим ўша заҳоти таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиб узоқ-узоқ дуо қилади.
Шу ётишда шифтни бир нуқтасига термилдим, бир пайт турай десам орқам гўё ерга ёпишиб қолгандек оғирлашиб кетибман.
Турсам фажрга ярим соат қолибди. Эс ҳушимни йиғдим-да, тахорат олиб икки ракат намозга киришдим. Саждада шунчалик қаттиқ Аллоҳга ёлвориб йиғладимки, нафасим чиқмай қолиш даражасида эдим.
Бир пайт назаримда худди Аллоҳ ўз қўли билан елкамга туртиб «Бўлди Муҳаммад», деган ишорани сездим. Тўхтаб қолдим, қалбим қандайдир осуда ва тинч бўлиб қолди.
Бомдодни ўқиб дуоларни қилиб кирдим-да, ўрнимга ёнбошладим.
Кўзимни очсам пешинга азон чақиряпти…
Бошим қаттиқ оғриган, маҳкамага эса вақт ўтиб кетган.
Имом айтади: «Ўрнида мен бўлсам нима қилардим. Турибла маҳкамага чопармидим, ҳолатни тушунтириб, узр хол айтармидим...».
Пешин азонини эшитиб, масжидга ошиқдим. Жамоа билан намозни адо қилгач, дуолар қилдим, ҳаммадан кейин чиқиб оёқ кийимимни кияётсам, четроқда бир киши менга қараб турганини пайқадим. Атрофга қарасам ҳамма кетиб бўлган.
Менга қараб турибсизми? деб савол бердим.
Ҳа, сизни кутиб турган эдим. Ёнимга келди, салом-аликдан кейин:
«Мени танимасангиз ҳам керак, фалон йили сиз ва яна бошқалар билан ўртада тижорат бошлагандик, кейин касод бўлдик, пулни қанчадир қисмини мен тўлашим керак бўлган. Ҳолатимни билгач, сиз орадан чиқаверинг, ўзим ўрнингизга тўлайман, дегансиз. Кейин мени ҳам ишларим яхши бўлиб кетди ва ҳозир ўша ҳақни 10.000 фунт олиб келдим».
Ҳайратдан қотиб қолдим!
Имомга айтилган бу воқеадан таъсирланмай иложи йўқ.
Агар сиз ва бизнинг бошимизга шундай синов келса нима қилардик.
Аввало телефон орқали таниш билишдан нажот ахтариб, маҳкамага тиши ўтувчиларни қидирармидик.
Ёки нажотни икки ракат намоз билан бошлаб, азон чақириғига лаббай дермидик?
Бир ҳақиқат бор!
Тижоратни Аллоҳ билан қилган инсон бой бўлмасликнинг иложи йўқ! Чунки у энг оғир вазиятда ҳам Ўзига юзланади. Ўзи учун атаган ҳақларни адо қилади…
Сизнинг тижоратингиз ким билан...?
Интернет манбалари асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?
Бу йил (2025) Зулқаъда ойининг биринчи куни 29 апрель кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД