Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни махлуқотларга раҳмат ўлароқ юборган кундан афзалроқ хурсандчилик борми?!
Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари билан шодланмаса, асло шодлик, хурсандчилик кўрмайди.
У зотнинг туғилишлари билан раҳмат булоқлари отилиб, олам раҳматга тўлди. Шунинг учун ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари Аллоҳ таолонинг неъматини нишонлаш ва бу юксак иноятдан хурсандчилик байрами бўлган.
Бу байрамни ушбу неъматларнинг қадрини билган, уни бардавом ва зиёда бўлишини умид қилган кишилар нишонлайди...
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башариятга қандай севишни ўргатиш учун юборган...
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга чин муҳаббат қўювчи кишини суннатга фақат тўғри эргашаётганини, бидъатчини эса (амали каби) муҳаббати ҳам нуқсонли эканини кўрасиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари билан мўмин кишигина қувонади.
Мўминлар ушбу мунаввар ойни Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлидлари муносабати билан хурсандчиликда ўтказадилар. Зеро, мавлиди шариф ойи хурсандчилик қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, яхшилик, эҳсон-садақалар қилиш ойидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўювчи ҳар бир киши бу ой келишидан аввал тайёргарлик кўриб, ой давомида имкон қадар улуғ неъматга шукронаси, шодлигини изҳор қилишга интилган.
Солиҳ кишилар мавлидни нишонлашга моддий имкон тополмасалар, ҳеч бўлмаса бу ой давомида шомдан кейин тонг отгунча йўлни ёритиб туриши учун чироқларини ёқиб деразаларига қўйиб қўяр эканлар.
Онам Аллоҳ раҳмат қилсин бобоси шайх Мустафо ҳақида шундай дер эди: "Бобом Рабиъул аввал ташрифидан бир неча ой аввал тайёргарликни бошлаб юборарди. Аслида бобом давлатманд эмасди, лекин ҳолатини бировга билдирмас, аксинча унинг яхши амаллари, зикр мажлиси, меҳмондорчилиги сабабидан уйимиз баракага тўлиб кетарди.
Мавлид ойи арафасида жонлиқ сўйиб, пулларини жамғариб қўяр, бу ой кириши билан бир жарчи қишлоқ чор атрофида баланд овозда: «Ким егуликка, кийим-кечикка эҳтиёжи бўлса шайх Мустафонинг уйига борсин!» деб айланиб чиқарди. Қишлоқдаги ёш болалар унинг ортидан қувонч билан чопқиллашарди".
Шайх Мустафонинг ҳовлиси боғ-роғлари бор, безатилган баланд қаср эмас, балки лойдан қурилган қишлоқдаги оддий уйлардан эди. Чунки бу уй эгаси топганини тупроққа сарфлашнинг ўрнига тўғри Аллоҳ таоло йўлида ишлатиб, фойдаси аниқ бўлган тижоратни афзал кўрар эди.
Кечки пайт шайх Мустафонинг ҳовлисида чироқлар илиниб, одамлар тўпланишиб зикр, салавот, мадҳлар айтиларди.
Сўнгра таом тортилиб, бой-камбағаллар бирга хурсандчилик қилишарди. Унда баракани кўрардингиз. Фақир қалбидан эҳсон соҳиби ҳақига Аллоҳдан кенгчилик сўраб дуо қилар, соҳиби эҳсон эса, Аллоҳ таолога яқинлашишига сабаб бўладиган шундай ишга муваффақ қилгани ва буни янада зиёда қилишини, ҳаёти давомида яхшиликда бардавом этишини сўраб дуо қиларди.
Бу хайрли одат бошқа ҳамқишлоқларимиз хонадонида ҳам давом этарди.
Муҳаммад Холид Собитнинг
«Тарихул иҳтифол би мавлидин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади.
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?
Бу йил (2025) Зулқаъда ойининг биринчи куни 29 апрель кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД