Динимиздаги энг муҳим, шу билан бирга, энг енгил амаллардан бири ният. У туфайли оддий кундалик ишлар ҳам савобга айланади. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Мусохон АББОСИДДИНОВ билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
– Ассалому алайкум, муҳтарам қози домла! Аввало, масъулиятли вазифага тайинланганингиз билан қутлаб, Аллоҳдан муваффақият тилаймиз. Бугун жамиятимизда қатор ютуқлар билан бирга маънавий иллатлар ҳам оз эмас. Одамларнинг интилишларига назар солсак, аксар ҳолларда моддият ортига тушиб, майда ниятлар билан ўралашиб қолганларига гувоҳ бўламиз...
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ташаккур. Ният эса қалб амалидир. Шундай экан, унга кераклича эътибор қаратиш, қалбдан улуғ ниятлар қилиб, уни тилда ҳам зикр этиш зарур. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят). Яна бир ояти каримада фақат эзгу ишларга чорлаб, бундай дейди: “Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин” (Каҳф сураси, 110-оят).
Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ушбу ҳадис ҳақида: “Илмнинг учдан бири – шу ҳадисда”, деса, Имом Шофеъий: “Илмнинг ярми – шу ҳадисда”, деган. Имом Абу Довуд эса: “Бу – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардан”, дейди. Ушбу ҳадисга кўра, ҳар бир катта ёки кичик ишни яхши ният билан бажарсак, савоб оламиз. Масалан, ейиш, ичиш каби мубоҳ амаллар ибодат ва касбу корга қувват бўлиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Аммо фақат қорнини тўйдириш учун еб-ичилса, савоб бўлмайди.
– Киши ризқ ахтариб кўчага чиқишдан олдин: “Аллоҳ таоло аҳли оилам нафақасини зиммамга фарз қилган, шуни адо этиш учун Ўзидан ёрдам сўраб, ишга чиқяпман. Агар Аллоҳ таоло муваффақ қилса, оилам олдидаги шариат юклаган вазифани бажараман, ортганини муҳтожларга эҳсон қиламан”, деб яхши ният қилса, ҳар бир қадами ва олган ҳар бир нафаси ибодатга айланар экан...
– Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам банда ҳам бир амалида мақсадига кўра савоб олишини айтганлар. Дейлик, бир киши ҳатто масжидда ўтирган бўлса ҳам, мақсади намозни кутиш бўлса, шунинг учун ҳам савоб олади. Дам олиш ниятида ўтирса, дам олиши мумкин, лекин савоб олмайди. Яна уйқуга ётиш олдидан “ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан”, деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким тунда туриб намоз ўқишни ният қилиб, тўшагига ётса, аммо уйқу зўрлик қилиб бомдодда уйғонса, у кишига ният қилган амалининг савоби ёзилади ва уйқуси унга Аллоҳ таолонинг садақаси ҳисобланади” (Имом Насоий ривояти).
– Ниятларга кўра савоблар ҳам қат-қат бўлиши мумкинми?
– Мумкин. Масалан, илм ўрганишдан мақсад “талаби илм – фарз” деган ниятда бўлса, унга алоҳида савоб бўлади. Толиби илм келажакда шу илм орқали ўзи ва ўзгаларга манфаат етказишни ният қилган бўлса, унга ҳам савоб олади. Ҳайвонларни боқишда “динимиз ҳайвонларга меҳрибонлик кўрсатишга буюрган” деган ният бўлса, савоб. Чорва боқиш орқали пул топиб, оила таъминотини ният қилса, унга алоҳида савоб. Бу қоида инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсага нисбатан қўлланаверади. “Ислом – осон дин” дейилишининг маъноси ҳам шу. Исломда одат ва зарурат ҳисобланган нарсаларни ҳам ибодатга айлантириш жуда осон. Биргина ниятни тузатиш билан барча амаллар савобга айланиши мумкин.
Имом Жаъфар ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: “Ният – амалларнинг бошқарувчисидир. Агар ният тўғри бўлса, амал ҳам тўғри ва савобли бўлади. Агар ният бузуқ бўлса, амал ҳам бузуқ бўлади” (Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида келтирган). Демак, мусулмон инсон шунчалар бахтлики, унга ҳаётининг ҳар дамини, ҳар бир амалини охиратига захира қила олишига имкон берилган. Мусулмоннинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа барча амаллари ихлоси, яхши нияти билан ибодатга айланиши мумкин.
– Солим ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳга йўллаган мактубида бундай сатрлар бор экан: “Аллоҳнинг бандага ёрдами, албатта, унинг ниятига қараб бўлади. Кимнинг нияти холис, мукаммал бўлса, унга Аллоҳнинг ёрдами тўла-тўкис бўлади. Илоҳий ёрдамнинг ноқис бўлиши башарий ниятнинг нуқсонли эканидандир”.
– Донишмандлар, Аллоҳ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар куни назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган. Кунлик режадаги ишларнинг кутилганидан кам ё зиёда бўлиши ҳам ниятларга боғланади. Аллоҳ таоло: “(Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс сураси, 9-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: “Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан”.
Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: “Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (Наҳл сураси, 128-оят), дейилган. Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмайди. Ақидасини соф ва мустаҳкам, ниятини тўғри қилади. Қўли ва тили билан бошқаларга зарар етказмайди. Ибодатларда ғайратли бўлади.
Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (“Насафий тафсири”, 1-жилд, 182-бет), дейди. Бунда эса энг осон ва биринчи қадам – ихлос ила яхши ният қилишдир.
– Вакиллик фаолиятига ҳам тўхталсангиз. Диний идора нашрларига обунани ташкил этишда Наманган вилояти вакиллигингиз доимо илдамликни қўлдан бермай келади.
– Раҳбарият ташаббуси билан вилоят вакиллигининг ташкилий тузилмаси қайтадан кўриб чиқилди. Олдимизга масжидларни обод қилиш, ходимларимизнинг ўз устида мунтазам ишлашларини таъминлаш, халқимизнинг диний-маърифий билимларини бойитиш йўлида улкан вазифалар қўйилган. Бу йўлда 192 та масжидда олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини битирган малакали мутахассислар хизмат қилмоқда.
Обунани ташкил этиш биринчи галда шу соҳа ходимларининг тушунчалари билан боғлиқ деб ўйлайман. Чунки “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари, “Ислом нури” газетаси маъно-мазмуни жиҳатидан амри маъруф ва наҳйи мункардир. Имом-хатиблар ҳар бир хонадонга кириб боролмаслиги мумкин. Лекин нашрлар кириб боради. Демак, диний таълимотимиз, мавъизаларимиз халқимизга улар орқали етказилади. Шуларни эътиборга олган ҳолда нашрлар вакилликка етиб келган куннинг ўзидаёқ масжидлар орқали обуначиларга етказиш йўлга қўйилган. Кунлик намозлардан кейин ҳам нашрлардан ўқиб берилиб, намозхонларнинг қизиқишлари ошириб борилади. Зеро, диний-маърифий нашрлар тарғиботи имомларимизнинг муҳим вазифаларидан биридир.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. .
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Роббига осийлик қилаётган бир жамоани кўрдилар ва уларга қарата бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг наздида хор бўлишди ва У Зотга осий бўлишди. Борди-ю, улар Аллоҳ учун қадрли бўлганларида, Аллоҳ уларни гуноҳдан сақлаган бўлур эди”.
Демак, Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўрса, уни гуноҳлардан сақлаб қўяр экан. Бирортамиз гуноҳ қилиб, Аллоҳни унутиб, Роббининг наздида ҳақир банда бўлишни истаймизми?! Албатта, йўқ!
Нафсингиз сизни гуноҳга чорлаган пайтда қилаётган ишингизнинг оқибати ҳақида ўйланг ҳамда Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини ҳис этинг. Ўзингизга ўзингиз шу саволни беринг: “Сени ҳурматлаб эъзозловчи бирор ким шу ҳолингда кўриб қолса, ундан уялган бўлармидинг?! Қандай қилиб Роббинг бўлмиш Аллоҳ таолодан уялмайсан?!”.
Нафсингизга: “Сен эртага бошингга бу гуноҳларнинг балоси уриши ва шарманда бўлишдан омондамисан?” денг. Бир нарсани ёдингиздан чиқармангки, сиз қандай гуноҳ қилишингиздан қатъи назар, Аллоҳнинг ато этган неъматларидан фойдаланган ҳолингизда гуноҳга қўл урган бўласиз. Аллоҳ таоло сизга берган, сиз у билан ҳаромга назар ташлаётган кўзингизнинг ўзи қанча неъмат?! Ҳаромга чўзаётган қўлингизнинг ўзи аслида қанча неъмат?! Қанчадан-қанча талаффузи ҳалол бўлмаган нарсаларни тилингизда айлантирасиз. Ато этилган неъматлар ила гуноҳ қилишингиз неъмат ато этгувчи Зотга нисбатан миннатдорчиликми, шукрми?!
Зимистон тунда тош остидаги чумолини кўра олган Зот сизни ҳам кўриб турибди, буни ёдингиздан чиқарманг!
Ҳикоят. Бир куни бир эркакка бегона аёл билан бирга хилватда қолишни шайтон зийнатли қилиб кўрсатибди. Аёлнинг ёнига кирганида кўзлари олайганича унга қараб: “Бизни ҳеч ким кўрмаяптими?” – дебди. Аёл: “Йўқ, Аллоҳдан бошқаси кўрмаяпти”, дебди. Шу пайт эркакнинг кўзлари ёшланиб: “Худо ҳаққи, кўраётганлар ичида Роббим буюкдир! Мабодо мени бирор кичикроқ бола кўриб турган бўлса-да, унинг олдида бунақанги иш қилишга журъатим етмайди-ю, қандай қилиб оламлар Рабби бўлган Зот кўриб турган бўлса, мен бу каби гуноҳ ишни қила оламан?!” – дебди ва аёлнинг уйидан чиқгани ҳолда Аллоҳ таолонинг: «(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур»[1], деган каломини эслабди.
Шоир айтади:
Хилват бир гўшада қолсанг-да юз йил,
Ҳолинг кўриб турган Худо бор, билгил.
Ошкору яширин – баридан воқиф,
Аллоҳ ҳеч ишингдан эмасдир ғофил.
Гуноҳкорга қилаётган иши қанчалик кичик, арзимасдек кўринса-да, Аллоҳнинг наздида қилган гуноҳи катталашиб бораверади.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Банданинг гуноҳни кичик деб ҳисоблаши – бу унинг Аллоҳга бўлган журъатидан. Боиси, банда маъсиятни кичик деб ҳисобласа, гуноҳга беписанд қарайди, қалбида уни енгил қабул қилади ва гуноҳларининг кўпайишидан парвоси фалак ҳам бўлмайди”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам бу борада шундай дейдилар: “Мусулмон одам бир тоғнинг остида турибман-у, мана шу тоғ бошимга қулаб кетай деяпти, дея гуноҳларини тасаввур қилган одамдир. Фожир эса гуноҳларни бурнига қўниб, кейин тезда учиб кетган пашша дея ҳисоблайди”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ғофир сураси, 19-оят.