Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Раҳмоннинг бандалари қандай бўлади?» деган саволга Фурқон сураси сўнгида жавоб бор:
1. Улар ерда тавозу ила юрадилар.
2. Жоҳиллар гапирганда, улар билан тортишмасдан, “омон бўлинглар”, деб жавоб қайтарадилар.
3. Тунларни Раббиларига сажда қилиб бедор ўтказадилар.
4. “Раббано, Ўзинг бизни жаҳаннамдан сақла, у жуда ёмон жой”, деб илтижо қиладилар.
5. Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмайдилар, ўртача бўладилар.
6. Аллоҳдан бошқа бирортага илтижо қилмайдилар.
7. Бирор жонни ноҳақ ўлдирмайдилар.
8. Зино қилмайдилар. Зино қилса, қиёмат куни азоби бир неча баробар кўпайтирилиб, дўзахда хор бўлиб, абадий азобда қолишдан қўрқадилар.
9. «Аммо ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштиради. Аллоҳ мағфиратли, раҳмли Зотдир. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, Аллоҳга (У зотнинг мағфиратига) қайтган бўлади», деган оятларини ўқиб, чин тавба қиладилар, ёмонликлардан тийиладилар, яхши амаллар қиладилар, ҳеч қачон ноумид бўлмайдилар.
10. Улар ёлғон гувоҳлик бермайдилар.
11. Беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтадилар.
12. Раббиларининг оятларини эшитганда, гунг ва карларга ўхшаб турмайдилар.
13. Раҳмоннинг бандалари “Раббано, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарсаларни ҳадя эт, бизни тақводорларга йўлбошчи қил”, деб дуо қиладилар.
Абдуғофур Искандар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тонг отганида:
اللهُمَّ إِنِّي أَصْبَحْتُ مِنْكَ فِي نِعْمَةٍ وَعَافِيَةٍ وَسِتْرٍ فَأتِمَّ نِعْمَتَكَ عَلَيَّ وَعَافِيَتَكَ وَسَتْرَكَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ
"Аллоҳумма инний асбаҳту минка фий ниъматин ва ъафиятин ва ситрин фаатимма ниъматака ъалайя ва ъафиятака ва сатрока фиддуня вал ахироҳ", деб уч марта ва кечқурун уч марта айтган кишига Аллоҳ шу дуода келганидек, ҳаммасини мукаммал қилиб беради", дедилар (Ибн Сунний ривояти).
Маъноси: Аллоҳим, Сенинг неъматингда, офиятингда, айблар ёпилган ҳолда тонг оттирдим. Мени дунёю охиратда неъматда, офиятда, айблар ёпилган ҳолатда бўлишимни мукаммал қил.