Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бузуқликнинг зарари қаҳатчилик ва очарчилик шаклида зоҳир бўлади. Ёмғир ёғмаслиги, сувнинг озайиши, экинга зарар етиши, қимматчилик, ҳосилнинг кам бўлиши — бу офатларнинг барчаси зино сабабидандир. Ҳадиси шарифда бундай дейилади:
مَا مِنْ قَوْمٍ يَظْهَرُ فِيهِمُ الزِّنَا إِلَّا أُخِذُوا بِالسَّنَةِ
«Қайси қавмда зино кенг тарқалса, улар қаҳатчиликка мубтало қилиб қўйилади» («Мишкоти шариф»).
Зинонинг офати фақат зинокорнинг ўзига урмайди. Унинг зарари ижтимоийдир. Зинокорлик кўпайган сари қаҳатчиликнинг кўлами ва шиддати ҳам ортаверади. Аллоҳ сақласин!
Дуолар қабул бўлмай қолади.
Зино шу даражада оғир гуноҳки, зинокорнинг дуоси қабул бўлмайди.
Ҳазрати Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
تُفتَحُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ نِصْفَ اللَّيْلِ فَيُنَادِي مُنَادٍ: هَلْ مِنْ دَاعٍ فَيُسْتَجَابَ لَهُ هَلْ مِنْ سَائِلٍس فَيُعْطَى هَلْ مِنْ مَكْرُوبٍ فَيُفَرَّجَ فَلَا يَبْقَى مُسْلِمٌ يَدْعُو بِدَعْوَةٍ إِلَّا اسْتَجَابَ اللهُ عَزَّوَجَلَّ لَهُ إِلَّا زَانِيَةً.
«Кечанинг ярмида осмон эшиклари очилади. Шунда бир нидо қилувчи: «Бирор дуо қилувчи борми? Унинг дуоси қабул қилинади. Бирор сўровчи борми? Унга ато этилади. Ғамга ботган борми? Унинг ғами кетказиб қўйилади. Қай бир мўмин-мусулмон дуо қилса, Аллоҳ унга ижобат этади. Фақатгина зинокорнинг дуоси қабул бўлмайди» (Имом Табароний ривояти).
Демак, ҳадиси шарифнинг хабарига кўра, зинокорнинг дуоси қабул бўлмайди.
Баракадан маҳрум бўлади.
Қуръони каримда баракага ҳақдорлар фақат иймон аҳли ва тақво эгалари экани қарор қилиниб, бундай дейилган: «Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик» (Аъроф сураси, 96-оят).
Ҳазрат Абдулмажид Дарёободий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оятнинг тафсирида бундай дейдилар: «Бу оятдан кўринадики, тақводор мўминларнинг ҳожатлари ғойибдан раво қилиб қўйилади. «Осмону Ернинг баракоти»дан мурод ишларнинг охири эътиборидан баракотли ва фойдали бўлган барча нарсалардир. «Баракот дарвозаларини очиб қўйиш»дан мурод ҳар ишда осонлик пайдо қилишдир» («Тафсири Мажидий»).
Демак, юқоридаги гаплардан маълум бўладики, гуноҳкорлар ва бузуқ кишилар баракадан маҳрум қилиб қўйилар экан.
«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби
асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.