Бугун, 23 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Тайланд шайхулисломи ўринбосари доктор Абдуллоҳ Нумсук бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Ҳомиджон домла Ишматбеков меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон ва Таиланд давлатлари алоқалари ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг муносабатлари ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун замин бўлаётганини таъкидлади.
Учрашув давомида мартабали меҳмонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихи, мақсад-вазифалари, асосий фаолият йўналишлари, масжид-мадрасалар фаолияти, диний таълим ва ҳаж-умра тадбирлари тўғрисида сўзлаб берилди.
Ўз навбатида доктор Абдуллоҳ Нумсук самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тараққий этаётгани ва томонлар самарали мулоқотлар ўтказаётганини мамнуният билан таъкидлади. У Ўзбекистон замини дунё цивилизацияси марказларидан бири бўлгани, бу юртдан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшани, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бутун мусулмон оламига машҳур эканини эътироф этди.
Шунингдек, делегация вакиллари Ўзбекистон билан илм-фан, таълим-тарбия, илмий-тадқиқот ва зиёрат туризми йўналишларида кўп қиррали ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканларини билдирди.
Мулоқот асносида Ҳомиджон домла Ишматбеков Тайланд давлати Шайхулисломи ўринбосари Доктор Абдуллоҳ Нумсукни 2025 йилнинг сентябрь ойида Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси очилиши маросимларига таклиф этди.
Ташриф давомида меҳмонлар “Ҳазрати Усмон Мусҳафи”ни зиёрат қилиб, юртимизда олиб борилаётган тарихий ишларни юқори баҳолади.
Учрашув якунида ўзаро эсдалик совғалари алмашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрида «Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиляпти. Унда 20 дан ортиқ мамлакатдан етмишдан зиёд уламо ва олимлар, халқаро ташкилот раҳбарлари, муфтийлар, илмий тадқиқотчилар қатнашяпти.
Конференция иштирокчилари 29 апрель куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридаги муборак қадамжоларни зиёрат қилиб, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлардан катта таассурот олди.
Хорижий уламолар бу диёр дунё цивилизациялар маркази бўлгани, Ислом тамаддуни ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшгани, кўплаб олиму уламоларни етиштириб берганини эътироф этди.
Бугун конференция иштирокчилари Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти, мотуридийлик намояндалари ва асарлари, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотлар, глобаллашув жараёнида мўътадил ислом таълимотининг аҳамияти, замонавий исломшунослик тадқиқотлари сингари муҳим илмий масалаларни муҳокама қилади.
xs.uz