Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази штабида Қуръон зали экспозициясини ташкил этиш бўйича навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган ушбу Марказнинг энг муҳим бўлимларидан бири – Қуръони карим зали концепциясини янада мукаммаллаштириш, унинг таркибий қисмларини бойитиш ва ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Қуръон карим зали учун танланган экспонатларни тоифаларга ажратиш, биринчи тоифага кирувчи лойиҳаларнинг техник топшириқларини тайёрлаш, шунингдек, айрим экспонатларни экспозицияга киритиш ёки киритмаслик масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, йиғилиш давомида Қуръон зали экспозициясида мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятлари, интерактив ёндашувлар орқали меҳмонларга Қуръон тарихини замонавий шаклда етказиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур экспозиция Ўзбекистоннинг бой диний-маданий меросини кенг жамоатчиликка танитишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Қуръон залида Ўзбекистонга алоқадор 114 та ноёб Қуръон қўлёзмаси жамланади. Улар орасида Ҳазрати Усмон Қуръони, VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони, ҳамда турли тарихий сулолалар даврида юртимизда яратилган ёки асраб келинаётган бетакрор нусхалар мавжуд.
Муносабат
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида қабул қилинаётган тегишли қонун ҳужжатлари халқимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар фаровон ҳаётни таъминлашга қаратилган. Ўзгариш ва янгиланишлар замирида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган улуғ тушунча бош ўринга қўйилган.
Ўтган қисқа вақтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан азим пойтахтимизда улкан мажмуа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Аллоҳ насиб этса, мазкур иншоот буюк аждодларимиз заковати, халқимиз маънавий салоҳиятига мос бўлади. У ёшлар учун улкан тарбия мактаби, сайёҳлар учун табаррук қадамжо, қисқача айтганда, илм-маърифат кошонасига айланади.
2025 йил 25 февралда Ўзбекистон Републикаси Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланиши мамлакатимизда миллатлар ва динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, адолат ва тенгликни қарор топтиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Юртимиздаги мана шундай улуғвор ишларнинг узвий давоми сифатида Президентимиз томонидан “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Бу муҳим ҳужжатда белгиланган долзарб вазифалар жаҳон илм-фани ва маданияти ривожида беқиёс ўрин тутган буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш ва юртимизнинг жаҳон тамаддуни бешиги сифатидаги тарихий мақомини тиклаш бўйича ислоҳотларга янгича руҳ бағишлайди.
Ушбу Фармонда диний соҳани тубдан такомиллаштириш, мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қўшимча қулайликлар яратиш, хусусан, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни рақамлаштириш, муборак сафарга борувчилар учун шаффоф электрон навбатларни йўлга қўйиш, диний соҳа ходимларининг малака оширишида янгича тизим жорий этиш ҳамда илмий-тадқиқотларни юқори босқичга олиб чиқиш каби устувор йўналишлар белгилангани диққатга сазовор.
Айниқса, ушбу муҳим ҳужжатда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилангани илм-маърифат аҳлини чексиз мамнун этди. Бинобарин, Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг инсонпарварлик ғояларини ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини янада кучайтириш ҳозирги глобаллашган ахборот асрида ғоят долзарб аҳамият касб этади.
Қайд этиш лозимки, Нақшбандия тариқати ўзининг мўътадиллиги ва бунёдкор таълимотлари билан бошқа тариқатлардан ажралиб туради. Унда асосан комил инсон, илм-маърифат, одоб-ахлоқ, ҳалол касб, эзгу амал каби масалаларга бош ғоя сифатида қаралади. Шунингдек, ушбу тариқатда инсоннинг амаллари фақат шахс камолотига эмас, балки жамиятнинг маънавий ривожи ва ислоҳоти учун ҳам хизмат қилиши зарурлигига алоҳида урғу берилади. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илм ва амални ўзида мужассам этган, жамият учун манфаатли бўлган шахсни комил инсон сифатида таърифлайди.
Дарҳақиқат, тариқат пешвоси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илгари сурган “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади. Аслида бу таълимот динимизнинг асосий талабларидан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “... Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, деб баён қилади (Қасос сураси, 77-оят).
Нақшбандия таълимотида ҳам “Инсонларни сев ва уларга фойда етказ”, тамойилига катта аҳамият берилган. Бу ғоя асосий ҳаёт тамойилига айланган. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Инсонларнинг энг яхшиси — уларга фойдаси энг кўп тегадигани” (Имом Дарақутний ривояти).
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳаётлигидаёқ бу тариқат мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилди. Таълимот замон талабларига мослиги, барчага хослиги сабабли оддий халққа ҳам, зиёлилар қатламига ҳам маъқул эди. Ана шундай юксак маънавий-маърифий аҳамияти боис, бу таълимот Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин янада кенг тарқалди. Нақшбандия таълимоти адабиёт ривожида ҳам муҳим ўрин тутди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр каби мутафаккирлар ижодида нақшбандия ғоялари кенг тарғиб этилган.
Ўзбекистонда яшаб ўтган буюк тасаввуф алломалари меросини янада чуқур ўрганиш бугунги кунда илмий жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан. Шу билан бир қаторда, юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган умуминсоний қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, инсонпарварлик ва тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялаш, бузғунчи ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.
Фармон асосида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, ҳужжатда Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга тарғиб қилиш, асарларининг таржималарини нашр этиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг оммага етказиш каби муҳим масалалар ўрин олган.
Зеро, ҳужжатда қайд этилган вазифалар буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига бемисл хизмат қилади.
Шунингдек, Фармонда ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш, диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам бериш ҳамда ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш йўналишида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш каби устувор вазифалар ҳам алоҳида қайд этилгани илмий-маърифий йўналишдаги ишларни янада кенгайтиради.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти такомиллаштирилиши муборак динимизнинг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутакаллим алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишни янада кучайтиришга туртки бўлади.
Демак, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигини кафолатлаш баробарида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
"Халқ сўзи" газетасининг 2025 йил 24 апрелдаги 83-сонидан олинди