Инсон учун киндик қони тўкилган ер қадрли бўлади, қаерда бўлмасин унга талпинаверади. Ватанни севиш, уни ардоқлаш инсон табиатидаги нозик, теран туйғу.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилаётиб, туғилиб ўсган Ватани – Макка шаҳрига юзланиб: “Қандай яхши юртсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан чиқармагинда, сендан бошқа юртда яшамас эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-ҳотиржамлик каби илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.
1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. Бугун ушбу тарихий воқеага 32 йил тўлди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди.
Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаларимиз қатори юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.
Шу йил 12-13 август кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида "Сунъий интеллект асрида диний уламоларнинг ўрни" мавзусида конференция ўтказилмоқда.
Анжуман Мисрнинг Дарул-Ифто ташкилоти, Бутун дунё фатво идоралари ва институтлари Бош котибияти томонидан Президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ҳомийлигида ташкил этилган.
Халқаро анжуманда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан муфтийлар, вазирлар, уламолар ва ахборот технология мутахассислари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Фатво маркази бош мутахассиси Абдуллатиф домла Турсунов иштирок этмоқда.
Жорий йилги 10-халқаро фатво конференциясини очиб берган Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд ҳазратлари йиғилганларга миннатдорлик билдириш баробарида мавзу бўйича нутқ сўзлади.
Анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам мавзу юзасидан чиқиш қилиш асносида мамлакатимиз аҳолисининг диний эҳтиёжларини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, хусусан, Фатво маркази фаолияти ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, мамлакат вақфлар вазири доктор Усама Ал-Азҳарий, Жазоир Дин ишлари ва вақфлар вазири доктор Юсуф Белмаҳдий, Абу-Дабидаги Ислом ишлари ва вақфлар умумий бошқармаси раиси, доктор Умар Ал-Дерай, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Сано, Фаластин Бош судьяси ва Фаластин Президентининг Дин ишлари бўйича маслаҳатчиси доктор Маҳмуд Сидқий Ал-Ҳаббаш ва бошқалар сўзга чиқди.
Анжуманда нотиқлар рақамли трансформация ва сунъий интеллект даврида фатво беришдаги муаммолар, шариат ва замон талаблари ўртасидаги мувозанатга эришиш йўллари тўғрисида маъруза қилиш баробарида мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати