Ислом – улуғ дин. Унинг таълимотидаги ҳар амалга риоя қилиш улуғ ажрларни қўлга киритишга сабаб бўлади. Исломда вақтнинг ҳам алоҳида аҳамияти бор.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз! Мушриклар (мазкур тўрт ой асносида) сизларга ёппасига уруш очсалар, (сизлар ҳам) уларга ёппасига уруш очингиз! Яна, билиб қўйингизки, Аллоҳ тақволилар билан биргадир!» (Тавба сураси, 36-оят).
Бу тўрт ойга Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари киради. Мана бу ойларни ҳатто жоҳилият даврида, яъни Ислом дини пайдо бўлгунга қадар ўтган умматлар ҳам ҳурмат ва эҳтиром қилишар эди. Қабилалар ўртасида жанг давом этиб турганда шу ойлар кириб келса, дарҳол урушни тўхтатишиб қурол-аслаҳаларини ечиб қўяр эдилар.
Муқаддас динимизда ҳар бир сананинг ўз фазилати бор. Шу жумладан, Ражаб ойининг ҳам. Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади.
Ҳадиси шарифларда ҳам бу ой улуғланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ой ҳақида:“Албатта, ражаб Аллоҳнинг ойи, шаъбон менинг ойим, рамазон эса, умматларимнинг ойидир” – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Саҳобалар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзалари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан ҳадис ривоят қилинган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа рамазона” (“Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”) дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривояти).
Машҳур тобеин Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида бундай деган: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба розияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).
Имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб нафл рўза тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқдир.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, халқимиз орасида Ражаб ойида қилиш шарт, деб тушуниладиган ибодатлар пайдо бўлган. Аслида уларнинг асоси мавжуд эмас. Шариатимиз кўрсатмаларида Ражаб ойининг муайян бир кунини рўза билан хосланмаган.
Аслида нафл рўза тутиш, нафл намоз ўқиш савобли ишлардан. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш тўғри эмас. Айниқса, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз томонидан очиқ-ойдин айтиб ўтилган (“Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа”).
Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозни бирор кунга белгиламасдан, одат қилмасдан ўқилаверади. Аслида бу ой Рамазони шарифга тайёргарликнинг бошланишидир.
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ