Шу йил, 12 май куни Наманган вилояти бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икромов бошчиликларида вилоят вакиллиги ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда "Ҳаж – 2024" зиёратчиларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи аъзолари учун Наманган вилояти Янги Наманган туманидаги “Имом Бухорий“ жоме масжидида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда маҳаллаларда маънавият тарғиботчиси бўлган ҳожилар билан Янги Наманган туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
биринчи йўналиш – имом-хатибнинг “Ҳаж-2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш;
иккинчи йўналиш – имом-хатибнинг масжидни бошқариш фаолиятини яқиндан ўрганиш, маслаҳат ва кўмак бериш;
учинчи йўналиш – имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш.
Ишчи гуруҳ аъзолари юқоридаги йўналишлар бўйича Янги Наманган туманида фаолият олиб борди.
Шунингдек Ишчи гуруҳ аъзолари Янги Наманган тумани масжидлари ҳудудидаги маҳалланинг бир неча хонадонларига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўралди. Хонадондаги ёшларни таълим тарбияси билан танишилди, уларнинг муаммолари ўрганилди, таклиф фикр, мулоҳазалари тингланди ва маҳаллаларда намунавий бўлган оилаларга кириб кексалардан юртимиз ҳаққига дуои ҳайрлар олинди.
Имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Ҳаж” ва “Умра” сафарларини ташкил этиш ва зиёратчиларга қулай шароитлар ҳозирлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Хабар берганимиздек, мамлакатимизда ҳаж мавсуми жорий йил 13 май кунидан бошланди. (https://t.me/muslimuzportal/41370)Айни кунларда Мадинаи мунавварада ибодатларини ниҳоясига етказган юртдошларимиз бирин-кетин Макка шаҳрига йўл олмоқдалар.
17 май куни навбатдаги зиёратчилар Маккаи мукаррамага шинам автобусларда етиб келди. Бўлғуси ҳожиларга муқаддас шаҳардаги “Аброж Дана” ва "Вафақ ал-Саҳа" меҳмонхоналарида зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб, иззат-икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эҳтиром ва эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Шу кунларда ушбу муқаддас шаҳарда тоат-ибодатларини адо этаётган юртдошларимиз ҳар қадамда давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис қилиб, ўз дуоларида юритимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тиламоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати