Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фитна – бу жамиятда ихтилоф, низо ва бузғунчиликка олиб келадиган омиллар мажмуасидир. Тарих давомида фитна турли кўринишларда – сиёсий қарама-қаршилик, диний зиддият ёки ижтимоий беқарорлик сифатида намоён бўлган.
Фитна жамият ривожига салбий таъсир кўрсатиб, муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади. Ижтимоий низолар одамлар ўртасида ишончни йўқотади, бу эса ҳамкорлик ва бирдамликка путур етказади. Масалан, сиёсий фитналар давлат институтига бўлган ишончни камайтириб, қонун устуворлигига халақит беради. Иқтисодий жиҳатдан, фитна савдо-сотиқ, инвестициялар ва ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келади. Тарихдаги кўплаб мисоллар мавжуд бўлиб, фуқаролик урушлари, оммавий тартибсизликлар фитнанинг иқтисодий ва ижтимоий зарарларини кўрсатади.
Диний ёки мафкуравий фитналар эса жамиятдаги маънавий қадриятларга таҳдид солади. Бундай низолар одамларни гуруҳларга бўлиб, бир-бирига қарши қўяди, бу эса узоқ муддатли парокандаликка сабаб бўлади. Фитна кўпинча ёшларнинг радикаллашуви, ахлоқий бузилиш ва маънавий йўқотишлар билан боғланади.
Бақара сураси 217-оятида “Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”, 191-оятда “Фитна қотилликдан ҳам ёмондир” дейилган.
“Тафсири Ирфон”да, золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасида фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилиши, фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам оғир жиноят экани айтилган.
Фитна конструктив йўналтирилиб, олди олинмаса, бузғунчилик ва беқарорликка сабаб бўлади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда, “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!”, дейилган.
Бу ҳадисда Расул алайҳиссалом фитнага аралашиб қолишдан қайтариб, ундан четда бўлиш йўлларини баён қилган. Фитнага қизиқмаслик, эътибор қилмаслик, қўшилмаслик билан ҳимояланишни тавсия қилганлар.
Фитнанинг зарарли таъсирини камайтириш учун жамиятда маърифат ва мулоқотни кучайтириш зарур. Таълим ва ахборот воситалари орқали одамларнинг танқидий фикрлаш қобилиятини ошириш, уларни фитна унсурларидан ҳимоя қилади. Давлат ва жамоат ташкилотлари эса адолатли қонунлар ва очиқ мулоқот орқали ишонч муҳитини шакллантиради.
Бундан ташқари, фитнанинг олдини олишда маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутади. Дини ва миллий қадриятларга асосланган тарбия одамларда бирдамлик ва ўзаро ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди. Ниҳоят, фитнага қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ва фаол иштироки муҳимдир.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 6-оятда “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар” деб фитнага сабаб бўлувчи гап-сўзларга кўр-кўрона эргашиб кетмасдан текшириб кўриш лозимлигини таълим берган.
Шундай экан, фитнани олдини олиш, фитна келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, унга қарши курашиш жамиятнинг барча аъзолари учун умумий вазифадир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме масжиди имом-хатиби.
Ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг шахсий фазилатлари бо‘лиш билан бирга, оила мустаҳкамлиги, жамият тараққиёти ва ижтимоий муносабатларнинг барқарорлигини та’минлайдиган муҳим миллий, диний, ма’навий-ахлоқий қадриятлардир.
Ислом динида ҳалоллик ва ростго‘йликка инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи муҳим тамойиллар сифатида қаралади. Ҳалол ва ҳаромни фарқлаш, шубҳали ишлардан сақланиш, о‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик, ростго‘й ва адолатли бо‘лиш инсоннинг нафақат шахсий камолоти, балки жамият олдидаги мас’улиятини ҳам белгилайди.
Қур’они карим оятлари ва Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ко‘плаб ҳадиси шарифларида инсонларни ҳалоллик ва ростго‘йликка да’ват қилиш, ҳар доим ҳалол бо‘лишга ундаш, алдов ва ёлг‘он гувоҳлик беришдан қайтаришга алоҳида э’тибор қаратилган. Зеро, ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг ма’навий камолотини, имони мустаҳкам ва ахлоқи го‘заллигини намоён этувчи энг муҳим фазилатлардир. Ҳаром ва ёлг‘он эса нафақат шахснинг обро‘си ва унга ишончини емиради, балки жамиятда о‘заро ишончсизлик, адоват ва низолар келиб чиқишига ҳам сабаб бо‘лади.
Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасининг 105-оятида бундай марҳамат қилган: “Ёлг‘он со‘зларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина то‘қийдилар. Айнан о‘шаларнинг о‘злари ёлг‘ончилардир”.
Бу о‘ринда ёлг‘оннинг қанчалик ог‘ир ма’навий иллат экани баён қилиниб, унинг Аллоҳнинг оятларига муносабат билан бог‘лиқ жиҳати ко‘рсатиб бериляпти. Оятнинг нозил бо‘лиш сабаби Макка мушрикларининг Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан турли асоссиз да’воларни илгари сургани, жумладан, у зотни ёлг‘ончиликда айблаганидир. Улар Қур’они каримни го‘ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг о‘злари то‘қиб чиқаргани то‘г‘рисида асоссиз да’воларни илгари сурган. Қур’они карим эса бундай иддаоларни очиқ-ойдин рад этган.
Аслида ёлг‘онни фақат имонсиз кишиларгина то‘қийди. Чунки, мо‘мин киши ёлг‘онни катта гуноҳ деб билади. Ёлг‘он сабабли қиёматда азобга қолишдан қо‘рқади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ростго‘й бо‘лишга интилади. Ҳатто о‘з манфаатига зид бо‘лган ҳолатларда ҳам ҳақиқатни айтишни афзал билади. Зеро, ҳақиқий имон инсонни фақат ибодатларга эмас, балки юксак ахлоқий фазилатларга ҳам ундайди.
Ислом та’лимотида ҳалоллик ва то‘г‘рисо‘злик мақталган, ёлг‘он гапириш ва ҳақиқатни яшириш кескин қораланган. Жумладан, Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Набийсоллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ростго‘йликни о‘зингизга лозим тутингиз (ростго‘й бо‘лингиз)! Чунки, ростго‘йлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши доим рост гапирса, Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” (о‘та ростго‘й) деб ёзиб қо‘йилади. Ёлг‘ондан сақланинг! Чунки, ёлг‘он фожирликка (гуноҳ ва бузуқликка) етаклайди, фожирлик эса до‘захга етаклайди. Киши ёлг‘он гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” (о‘та ёлг‘ончи) деб ёзиб қо‘йилади”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ростго‘йлик ва ёлг‘ончиликнинг инсон ахлоқи, ма’навий ҳаёти ва охиратига қай даражада та’сир қилишини очиқ тарзда баён қилиб беряптилар. Ҳадис мазмунидан англашиладики, инсоннинг жаннатга ёки до‘захга тушишида унинг тили, я’ни ростго‘йлиги ё ёлг‘ончилиги ҳал қилувчи омиллардан экан.
Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол ва ҳаром о‘ртасидаги шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва обро‘йини пок сақлаши борасида бундай марҳамат қилганлар: Но‘’мон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг о‘ртасида шубҳали нарсалар бор. Ко‘п одамлар буни билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обро‘йини пок сақлайди...” (Имом Бухорий ривояти).
Бу о‘ринда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни эҳтиёткорлик ва покликка да’ват этмоқдалар. Чунки, ҳалоллик тамойилларига амал қилган инсон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, со‘зида, оилавий муносабатларида, та’лим олишда, меҳнат фаолиятида ва жамиятдаги о‘заро муносабатларида адолат, поклик ва ростго‘йликка интилади. О‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади, бировнинг мол-мулки ёки меҳнатининг маҳсулига тажовуз қилмайди, алдов, хиёнат ва манфаатпарастликдан узоқ бо‘лишга ҳаракат қилади. Бундай фазилатлар инсоннинг шахсий обро‘-э’тиборини юксалтириш билан бирга жамият а’золари о‘ртасида о‘заро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлайди.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳалоллик ва ростго‘йлик ижтимоий ҳаётнинг барқарорлигини, инсонлар о‘ртасидаги ишонч ва жамият тараққиётини та’минловчи муҳим ма’навий-ахлоқий асосдир. Ислом та’лимотидаги ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва омонатдорликка оид ко‘рсатмалар бу қадриятларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги о‘рни нақадар муҳим эканини ко‘рсатади. Ҳар бир инсон о‘з ҳаёти ва фаолиятида ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва виждонлиликни устувор тамойилга айлантирса, жамиятда сог‘лом ма’навий муҳитни шакллантириш имконияти ортади.
Ё‘лдошхон Исаев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.
О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати