Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

“Қироат қилиб кўтарилавер”

14.05.2025   6160   3 min.
“Қироат қилиб кўтарилавер”

Тартил билан Қуръони каримни қироат қилиш муҳим амаллардан бири бўлиб, ҳарфларни махражларидан чиқариб, Аллоҳнинг каломини тушуниб, тажвид қоидалари билан тўғри ўқишни англатади. “Тартил”нинг луғавий маъноси “бирор нарсани дона-дона қилиб териш”ни англатади.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, уни тартил билан ўқиш У зотнинг буйруғидир. Муззаммил сураси 4-оятда шундай дейилади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил”.

Али розияллоҳу анҳудан оятнинг маъносини сўрашганда, “тартил – ҳарфларни яхшилаш, вақф ўринларни билиш”, деб жавоб қилганлар. Жаброил алайҳиссаломга Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар.

Тартил билан Қуръон қироат қилиш учун бир қанча қоидаларга риоя қилиш лозим. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Тажвид қоидаларига риоя қилиш: “Тажвид”нинг луғавий маъноси “сифатини ошириш, зийнатлаш, чиройли қилиш”ни билдиради, истилоҳда Қуръондаги сўзларнинг ҳар бирини ўз миқдори ва сифатида талаффуз қилиш, истеъло ва истифола ҳарфларини бир-биридан фарқлаб, тафхим, тарқиқ, идғом, изҳор каби қоидаларга амал қилиб ўқишни англатади.
  2. Дона-дона, бир маромда ва аниқ ўқиш: Тартил билан ўқишда шошилмаслик, ҳар бир калимани аниқ тарзда ўқиш муҳимдир. Бу оятларнинг маъносини тушунишга ёрдам беради. Имом Шофеий тартилнинг энг ози тиловатда шошилишни тарк этишдир деганлар.
  3. Маъноларини тадаббур қилиш: Қуръон маъноларини англаш тартилнинг муҳим қисмидир. Оятларнинг маъносини билиш уларни қалбга сингдиришга ёрдам беради.
  4. Ихлос ва тақво: Қуръонни фақат Аллоҳнинг розилиги учун ўқиш керак. Ихлос билан ўқилган Қуръоннинг баракаси ва савоби улуғ бўлади.
  5. Поклик ва эҳтиром: Қуръонни таҳорат билан ўқиш, тинч жойда ва эътибор билан ўқиш тартилнинг сифатини оширади.

Тартил билан Қуръон ўқишнинг фойдалари жуда кўп. Улардан баъзилари:

  • Руҳий озиқ: Қуръон қалб учун нурдир. Уни тартил билан ўқиш инсоннинг руҳини янада сайқаллайди ва Аллоҳга яқинлаштиради.
  • Савоб: Ҳар бир ҳарф учун кўплаб савоб берилади. Тартил билан ўқиш бу савобни янада оширади.
  • Қалб хотиржамлиги: Қуръон қироатининг овози ва маъноси қалбга таскин беради, стресс ва ташвишларни камайтиради.
  • Илм: Қуръон маъноларини англаш ва тажвидни ўрганиш орқали инсоннинг билими ривожланади.
  • Шафоат: Қуръон қиёмат куни ўқувчиларига шафоатчи бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охири қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади”, дедилар”, (Имом Термизий ривояти).

Зафар қори Маҳмудов,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси.

Бошқа мақолалар

Қурбон ҳайити намози қандай ўқилади?

28.06.2023   11237   1 min.
Қурбон ҳайити намози қандай ўқилади?

1. Аввало “Икки ракат ийдул азҳо намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, Каъбага юзланиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим” дейилади.

2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтади.

3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.

4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.

5. Имом “Фотиҳа” сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.

6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.

7. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.

8. Сўнгра “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар