Мусулмон киши ҳар бир ишида Аллоҳ таолога таваккул қилади. Зеро, Аллоҳ таоло таваккал қилувчиларни яхши кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг. Зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Ушбу оят тафсирида: “Аллоҳга таваккул қилиш улуғ фазилат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни яхши англашмайди. Ўйламай, уринмай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона туришни таваккул деб тушунувчилар бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олайлик. У зот мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитиб, тезда мусулмонларни йиғиб, кенгаш ўтказдилар. Ўзлари биринчи бўлиб Ҳужраи саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар. Эътибор беринг – Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, пешвоси бўлган зот урушга кетаётиб бир эмас иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб борганларидан кейин душманнинг куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнг ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, режа туздилар. Хуллас, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни кўрдилар. Аммо Аллоҳга таваккул қилишлари бу ишлардан айри эмасди.
Таваккул буларнинг барчасини боғлаб турадиган бир ип мисоли. У ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Афсуски, кўпчилик таваккулни ҳаракатсизлик, уриниб кўрмаслик билан боғлиқ ҳолда тушунади. Баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим, деб ҳаракат қилишлари керак бўлган ишларни ҳам қилишмайди. Бу эса дангасалик, холос.
Пайғамбар алаҳиссалом даврларида бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Туямни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилайми?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Боғлаб қўйиб, ундан кейин таваккул қил” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига таваккал қиладиган бандалари қаторида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Қуръони карим оятлари ёзилган қоғозларни ерга ташлаш ёки улардан мева-чева, писта-бодом ва шунга ўхшаш нарсаларни ўрашда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга динимизнинг муносабати қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони карим оятлари, ҳатто унинг бошқа тилга ўгирилган таржимаси ёзилган варақлардан сиз айтган ҳолатларда фойдаланиш нотўғри, балки оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу Қуръони каримни таҳқирлаш ва хорлаш демакдир. Бундай ишларни қасддан қилган киши иймонидан айрилади. Қуръони каримни улуғлаб эҳтиром қилиш, таҳоратсиз ҳолда ушламаслик, ножўя жойларга қўймаслик динимизнинг қатъий талабидир. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Барча мусулмонлар Қуръон мусҳафини асраш ва уни ҳурмат қилиш фарз эканига ижмо (иттифоқ) қилишган. Бизнинг мазҳаб уламолари ва бошқалар ҳам бундай дейишган: "Агар бир мусулмон Мусҳафни ахлатхонага ташласа, у бу амали билан кофир бўлади (Аллоҳ сақласин)!” (“Ат-Тибён” китоби).
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Қуръони каримни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг эътиқодий бурчидир. Қуръон саҳифаларини ҳар қандай ножўя мақсадда ишлатиш, уни камситиш — Аллоҳнинг Каломига нисбатан очиқ беҳурматлик бўлиб, бу иш катта гуноҳ бўлиши билан бирга иймондан айирувчи разил амалдир. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.