Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.
Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ....
Абдулқодир Полвонов
Уламолар бирор бир мазҳабга эргашиш борасида Қурон оятлари ва ҳадиси шарифлардан ишоралар келтириб айтишадики,«...Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз» (16:43).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: «Мен сизларнинг орангизда яна қанча қолишимни билмайман. Шундай экан, мендан сўнг у иккиси: Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинг» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад), дейилган.
Имом Муслим «Саҳиҳ» асарининг шарҳловчиси Имом Нававий муайян имомга тақлид қилишнинг шартлигини шарҳлаб: «Сабаб шундаки, мазҳаблардан бирини танлашга рухсат бериш кишиларни, улар ўз хоҳишларига мос келадиган осон нарсага эргашишига олиб келади. Улар ҳалол ва ҳаром, рухсат этилган ва ман этилган нарсаларнинг орасидан ўзларига мосини танлайдилар. Бу мазҳаблар осонлаштирилмаган, тизимлаштирилмаган ёки машҳур бўлмаган илк ислом давридан фарқли равишда масъулият ташвишидан озод қилишга олиб келади. Шулар асосида киши ўзи қатъий равишда амал қиладиган мазҳаблардан бирини танлаши лозим бўлади», деган .Бошқа манбада: «Бу уммат ижмо қилган, тўғирланган, ёзиб қўйилган тўрт мазҳабдир. Бизнинг кунимизгача одамлар унга тақлид қилишиб ўзларини ўшандан деб ҳисоблайдилар. Бунда, айниқса, қатъиятлилик камайган, хоҳишларимиз онгимизга ўрнашган ва одамнинг аҳмоқона эҳтироси худди фазилат сифатида қараладиган бугунги кунда, кўпгина аниқ устунлик бор», деб ёзган.
Янги Наманган тумани "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжиди
имом-хатиби Ш.Тўхтабаев