Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган.
Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ.
Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.
Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани
"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.