Cавол: Мен ҳар йили қурбонлик қилар эдим, бу йил ҳам қурбонлик қилишни ният қилган эдим. Аммо бу йил муборак ҳаж ибодатини адо қилиш насиб қилиб ҳаж қилиш учун кетаяпман. Шу ҳолатда қурбонлигимни қандай адо қиламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таоло сафарингизни Ўзи осон қилсин. Қурбонлик вожиб бўлиши учун киши муқим бўлиши керак, сафарда юрган мусофирларга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.
Мусофир киши қурбонлик қилинадиган кунлар ўтиб кетишидан аввал муқим бўлиб қолса, бу ҳолатда унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлган бой киши қурбонлик қилиш мақсадида қўй сотиб олиб қурбонлик қилинадиган кунлар келишидан аввал сафарга чиқиб кетса, унинг зиммасидан қурбонлик соқит бўлади. Аммо бойлиги нисобга етмаган ва шу сабабли унга қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган киши қурбонлик қилиш мақсадида қўй сотиб олса, қурбонлик қилиш учун қўй сотиб олиш билан қурбонлик қилишни назр қилган ҳисобланади ва бундай киши қурбонлик қилинадиган кунлари сафарга чиқса ҳам унинг зиммасидан қурбонлик соқит бўлмайди. Номидан қурбонлигини сўйиш учун бирор кишини вакил қилиб тайинлайди (Фатавои Ҳиндия).
Демак, агар сизни нисоб миқдорида молингиз бўлиб сизга қурбонлик қилиш вожиб бўлган бўлса ва ҳох қурбонлик қилиш учун қўй сотиб олган бўлсангиз ҳам ёки сотиб олмаган бўлсангиз ҳам бу кунларда сафарда бўлганингиз сабаб сиздан қурбонлик соқит бўлади.
Агар сизни нисобга етган молингиз бўлмаса ва сизга қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган бўлса, қурбонлик қилиш учун қўй ҳам сотиб олмаган бўлсангиз сизга қурбонлик вожиб эмас. Лекин қурбонлик қилиш учун қўй сотиб олган бўлсангиз номингиздан қурбонлигингизни сўйиш учун бирор кишини вакил қиласиз.
Бу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратишингиз лозим. Агар ҳаж сафарида муқимлик ҳолатини топсангиз яъни Маккада унга борганингиздан бошлаб Минога чиқадиган кунингизгача ёки Минодан қайтганингиздан кейин 15 кун турсангиз қурбонлик вожиб бўлади. Уни ўша ерда ёки вакил орқали ўз уйингизда сўйдиришингиз вожиб бўлади.
Яна шуни таъкидлаймизки, мазкур қурбонлик ва ҳаждаги жонлиқ сўйиш масалалари бошқа-бошқа масалалардир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Набавий башорат
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизнинг яхшиларингиз менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлар, сўнгра улардан кейин келадиганлар”.
Имрон розияллоҳу анҳу: “У зот алайҳиссалом икки марта ёки уч марта айтдиларми, билолмадим”, деди. “Кейин шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назр қилиб, вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади”» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадис шарҳи
Уламолар ушбу ҳадисда касаллик ёки бошқа физиологик хусусиятлар туфайли туғма семизлик эмас, балки айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, ортиқча овқатланиш натижасида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини айтишади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида семизлик кенг тарқалган ҳодиса эмас эди ва саҳобалар бу муаммони хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг ҳолидан хавотирга тушганлар.
Семириш – глобал эпидемия
Бугунги кунда ортиқча вазнга эга бўлиш, семириб кетиш инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) семиришни глобал эпидемия деб эълон қилган.
Агар шу ҳолат давом этса…
Сўнгги 50 йил ичида одамларда вазн ортиши динамикаси кескин ортди. Бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38%) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 50%дан ошиши мумкин ва инсониятнинг ярмидан кўпида семириш ташхиси қўйилади.
Семизлик ёш танламайди
Семириб кетиш фақат катталар учун эмас, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам тез ўсиб бораётгани янада хатарлидир. Ҳар йили 2,8 млн ўлим ортиқча вазн сабаб содир бўлади.
Семиришнинг сабаби нима?
Диетологларнинг фикрига кўра, ҳозирги вақтда истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар ниҳоятда осон ҳазм бўлади ва зарур бўлган калориядан бир неча баравар кўп концентрацияни ўз ичига олади. Одамлар бундай овқатларни тобора кўп истеъмол қилишлари оқибатида семизлик келиб чиқмоқда. Албатта, бу сабаблардан бири.
Ортиқча овқат – шаҳватни келтириб чиқаради!
Ортиқча овқатланиш шаҳват кучайишига олиб келади. Натижада инсоннинг ҳар қандай ёмонликка бошлайдиган нафсига қарши курашиши қийинлашади. Шунинг учун меъёрида овқатланиш, нафл рўза тутиш мақсадга мувофиқ.
Ўз нафсингиз билан бўладиган оғир жангда муваффақият ва зафарлар тилаймиз.
Олдини олиш учун нима қилиш керак?
Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш. Айниқса кўпроқ пиёда юриш – қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар ва қандли диабет каби касалликларнинг олдини олади.
Даврон НУРМУҲАММАД