Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447

Жаноза ва икки ҳарамда жума намозининг ўқиш тартиби

26.05.2025   7343   3 min.
Жаноза ва икки ҳарамда жума намозининг ўқиш тартиби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Жаноза намози тик турган ҳолда, қуйидаги тартибда ўқилади:

1. Ният қилинади (Ният қилдим 4 такбирли жаноза намозини имомга иқтидо қилиб ўқимоқликка, қиблам бўлмиш муқаддас Каъба томон юзландим, холис Аллоҳ учун);

2. Фақат биринчи такбирдагина қулоқ қоқилади (Аллоҳу акбар);

3. Сано ўқилади:

“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук” (Аллоҳим! Сенга ҳамд айтган ҳолда Сени поклаб ёд этаман. Исминг муборакдир. Улуғлигинг юксакдир. Сендан ўзга илоҳ йўқ).

4. Иккинчи бор такбир айтилади (Аллоҳу акбар);

5. Набий алайҳиссаломга салавот айтилади:

“Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад. Кама соллайта ъала Иброҳийма ва ъала аали Иброҳийм. Иннака ҳамидум мажийд.

Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад. Кама барокта ъала Иброҳийма ва ъала аали Иброҳийм. Иннака ҳамидум мажийд(Аллоҳим! Иброҳим ва унинг оиласига салавот йўллаганингдек, Муҳаммад ва унинг оиласига салавот йўллагин! Албатта, Сен Ҳамийд (барча мақтовлар ила мақталган), Мажийд (шон-шарафи ва қадри баландлиги чексиз) Зотсан. Аллоҳим! Иброҳим ва унинг оиласига баракот берганингдек, Муҳаммад ва унинг оиласига баракот бергин!).

6. Учинчи бор такбир айтилади (Аллоҳу акбар)

7. Дуо ўқилади:

Аллоҳуммағфир лиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабийрина ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу минна фааҳйиҳи ъалал Ислам ва ман таваффайтаҳу минна фатаваффаҳу ъалал ийман(Аллоҳим тиригимизни ва ўлигимизни, ҳозиримизни ва ғойибимизни, кичигимизни ва каттамизни, эркагимизни ва аёлимизни мағфират қилгин. Аллоҳим! Биздан кимни яшатсанг, Исломда яшатгин. Биздан кимни вафот эттирсанг, иймонда вафот эттиргин).

8. Тўртинчи марта такбир айтилади (Аллоҳу акбар);

9. Икки тарафга салом берилади (Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ);

Жаноза намозида қироат ҳам, ташаҳҳуд ҳам бўлмайди. Имом салом бергунича кутиб турилади ва у билан бирга салом берилади.


Икки ҳарамда жума намози ўқилиш тартиби:

4 ракат суннат;

2 ракат фарз;

4 ракат суннат.

Икки ҳарамда жума куни 2 азон ва 1 такбир айтилади:

Биринчи азон – бугун жума куни экани ва жума намози ҳақида эслатма учун чақириқ.

Иккинчи азон – жума намози азони. Азон айтилиши билан имом хутба ўқишни бошлайди.

Такбир – жума намози ўқиш учун айтилади. 2 ракат фарз намози ўқилади.

Икки ҳарамда жума кунги фарздан олдинги ва фарз намозидан кейинги 4 ракатдан ўқиладиган суннат намозларини 2 ракатли фарз намозидан кейин 4 ракатдан 8 ракат қилиб ўқиб олинади. Шу тартибда жума намози адо этилади.

 

Моҳира БАҲОДИР

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фурсат ғаниматдир

22.07.2025   5314   2 min.
Фурсат ғаниматдир

Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.


Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.


Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.


Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.

Абдулвоҳид ИСАҚОВ,

Наманган шаҳридаги

“Мирёқуббой Мирҳакимбой”

жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар