Олимжон аканинг ўғли моҳир уста эди. Каттароқ ҳовли ва янги машина олиш илинжида, мўмайроқ даромад топсин, деб фарзандини хорижга ишлашга жўнатди. Уни ўзга юртда ўртоқлари кутиб олди. Иши ҳам юришди, тузуккина пул юбора бошлади. Қисқа вақт ичида намоз ўқишни бошлаб, кимлардандир сабоқ ҳам олди.
Олимжон ака ўғлининг намоз ўқиётганидан ва кўп пул жўнатаётганидан мамнун эди.
Олти ойдан кейин ўғли устозлари ва яна бир нечта тенгдоши билан Туркияга бориб ишлашини, у жойда бундан-да кўп пул топишини айтиб, отасидан рухсат олди. Ота бундан севинди. Аммо унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Бир куни имомнинг жума мавъизасида сўзлаган огоҳликка чорловчи нутқи Олимжон акани довдиратиб қўйди. Ўғли шубҳали кимсаларнинг қарамоғида эканини бутун вужуди билан ҳис қилди. Негаки, бундай кишилар Туркия баҳонасида Сурияга олиб кетилиши бор гап-да.
Олимжон ака – ҳеч кимга лом-мим демасдан тегишли идорага бориб, бу ҳақда хабардор қилди. Яхши ҳамки, давлатимизнинг саъй-ҳаракати билан алданган болалар ватанга қайтариб келинди. Олимжон аканинг фарзанди ҳеч нарсадан хабари йўқлигини билдириб, узр сўради ва яна аввалги ишини давом эттирди.
Азизлар, қанчадан-қанча фарзандлар хорижда пул топаман, деб алданиб, бошқа оқимларга ўтиб, ҳатто қўлига қурол олиб, жиҳодчилар гуруҳига қўшилиб, алал-оқибат жанозасиз ҳам кўмилиб кетди.
Матбуот орқали юртдошларимизнинг ҳақ йўлдан адашмасликка даъват қилинаётгани яхши самара беряпти. Шунингдек, имом-домлаларимизнинг маҳаллаларда, тўй ва маросимлардаги диний-маърифий суҳбатлари халқимизни огоҳликка ундамоқда.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса,
бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Ҳақиқатан, тинчликнинг қадрига етиб, ҳақ йўлдан адашмай юришдек бахтли ҳаёт ҳеч қачон юртимизни тарк этмасин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам
озор етказмаган кишидир” (Муттафақун алайҳ).
Озор бериш мусулмон кишининг иши эмас. Ҳақиқий мусулмон бўлиш учун ҳаракат қилинг ва ҳақ йўлдан адашманг!
Нозбуви ТЕМИРОВА,
Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
"Мўминалар", 6-сон, 2023 йил
Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов