Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг устига ёлғончи йиллар соя солади. Ўша кезларда ёлғончи тасдиқланади, ростгўй ёлғончига чиқарилади. Хоин киши ишонарли бўлади, омонатдор киши хоинга чиқариб қўйилади ва рувайбиза гапиради”, дедилар. У зотга: “Рувайбиза” ким? – дейилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Омманинг ишини гапирадиган эси паст одам”[1], дедилар.
Ибн Манзур “Лисонул араб” китобида: “Рувайбиза – бир иш қилиш қўлидан келмайдиган нотавон одам. Кўпинча, бу сўз эси пастларга нисбатан ишлатилади, чунки улар уйида кўп ўтиришади ва катта ишлар билан кам шуғулланишади”, деган[2].
Давраларда ўтириб пойинтар-сойинтар гап гапирадиган кишини учратганмисиз?
Ёки маза-бемаза ишлар тўғрисида узундан-узун мақолалар ёзадиган мухбирларни учратасизми?
Ёхуд бекорчи кўрсатувларга чиқиб, бирорта фойда келтирмайдиган ишларни гапирадиган одамларни кўрган бўлсангиз керак. Кўпинча бундай ҳолатлар зарар келтириб, дилни хира қилади. Одамларнинг бошини айлантириб, фикрларини чалғитади.
Ҳаммажлисларнинг қай бири яхшироқ?
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, бизларга қай бир ҳаммажлис яхшироқ?” – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни кўриш сизга Аллоҳни эслатадиган, у билан гаплашиш илмингизга илм қўшадиган ва амали сизларга охиратни эслатадиганидир”, [3] дедилар.
Бизнинг ҳамсуҳбатларимиз орасида бундай сифатлилар топиладими?
Дўст-ёрлар билан бирга ўтирсангиз, ўша ўтиришингизни Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган лафзлар билан якунлаш эсингиздан чиқмасин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Биров бир даврада ўтирса ва беҳуда гаплар кўпайиб кетса, ўрнидан тураётиб: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илаҳа иллаа анта. Астағфирука ва атуубу илайк”, дейдиган бўлса, ўша мажлис давомида бўлган ишлар мағфират қилинади”[4].
Ўйлаб кўринг, шу зикрни айтиш учун қанча вақт кетади? Бор-йўғи бир неча сония. Бироқ қанчадан-қанча одамлар бу фазилатдан бебаҳра қолишяпти. Ахир, бу оламлар Робби тарафидан бўладиган афв ва мағфиратку...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ибн Можа ривояти.
[2] Лисонул араб, 7/153.
[3] Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти.
[4] Имом Термизий ривояти.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".
“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД