Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг бир шогирди бўлиб, у зот унга тазкия ва талқинга ижозат берган эди. Бир куни у ўғилчасини етаклаб устози зиёратига келди. Салом-аликдан сўнг ўғлини таништириб, унинг ҳаққига дуо қилишларини сўради. Ҳазрат боланинг ҳаққига дуо қилдилар. Гап орасида устоз боланинг ёшини ҳам сўраб қолдилар. Шогирд «Болам ўн уч ёшда», деди. Мамлакатдаги қонун бўйича болаларга ўн уч ёшгача чипта нархининг ярми тўланар, ўн учга тўлган кунидан бошлаб уларнинг чиптаси ҳам катталар каби тўла баҳосига харид қилинар эди.
Ҳазрат болага чиптанинг қайси нархда олинганини сўраб қолдилар. Шогирди «Жуссаси кичкина бўлгани учун ярим нарх тўладик», деб жавоб берди. Шунда устознинг авзойи бирдан ўзгариб, шундай дедилар: «Инна лиллааҳи ва инна илайҳи рожиъун! Сизга тасаввуф ва тариқатнинг чанги ҳам етиб келмаган экан. Сиз ҳалигача ҳаром-ҳалолни ажратмабсиз. Болани сафарга олиб чиқибсиз-у, лекин унга йўлкира тўлашда ҳаром ишга қўл урибсиз. Катталар мақомига етган болага ёш болаларнинг чиптасини олиб, йўл хизмати идорасининг ҳаққини ўғирлабсиз. Ўғрилик қиладиган. бировнинг ҳаққини тортиб оладиган шахс тасаввуф ва тариқатда бирор мақомга эга бўлмайди. Шунинг учун сизга берган ижозатимни бекор қиламан».
Ўша шогирд ибодатда мукаммал киши эди. Лекин устоз чипта олишда, яъни муомалотда ҳаромга йўл қўйгани туфайли унга берган ваколатини бекор қилди.
Абдулманнон Андижоний
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимида фаолият кўрсатиб турган масжид имом-хатиб ва имом-ноиблари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан спортнинг стол тенниси мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа пойтахтимиздаги Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтди.
Диний соҳа ходимлари ўртасида бўлиб ўтган ушбу стол тенниси мусобақасида 1-ўрин Тахтакўпир тумани «Абдулкарим охун» жоме масжиди имом-хатиби И.Аметниязов, 2-ўрин Тўрткўл тумани «Ғоиб ота» масжиди имом ноиби Р.Комилжонов, 3-ўрин Беруний тумани «Султон увос бобо» жоме масжиди имом-ноиби О.Машаловлар ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари А.Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов ва Нукус «Муҳаммад ибн Аҳмад ал Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти директори Ж.Абдираззақовлар мусобақа иштирокчиларини ғалабалари билан табриклаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилади, мусобақа ғолибларига «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти