Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ҳозирги муборак кунларда азиз юртдошларимиз Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб туришибди. Давлатимиз раҳбари улар учун яратилган шароитлар, нуронийларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради.
Муфтий ҳазратлари Ҳаж амалларини сидқидилдан, мукаммал адо этиш учун барча ташкилий чоралар кўрилганини таъкидлади.
Айни пайтда 15 минг нафар ҳожиларимизнинг барчаси Саудия Арабистонига етиб борган. Уларга 300 дан ошиқ гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, 10 дан зиёд ошпазлар ва бошқа мутахассислар ҳамроҳлик қилмоқда.
Бу йил, Ўзбекистон томонининг талабига мувофиқ, Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралган, совутиш тизими ўрнатилган, гилам ва тўшаклар солинган. Бу ҳозирги ёз кунларида зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратади.
Бир сўз билан айтганда, бу йилги ҳаж мавсумига янада юқори даражада тайёргарлик кўрилиб, барча зарур шароитлар ҳозирланди. Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда.
Муфтий Нуриддин Холиқназар Президентимизга улуғ ибодат файзи билан юрган ҳожиларимизнинг саломи ва дуоларини етказди. Давлатимиз раҳбари барча зиёратчиларга салом йўллаб, юртимизга соғ-омон келишларини тилади.
Суҳбат самимий ва кўтаринки руҳда ўтди. Муҳтарам ҳожилар Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллаларда ижтимоий муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш, ёшларни илм-маърифатга тарғиб этишда намуна кўрсатишларига умид билдирилди.
President.uz
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ
Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, Сизнинг бевосита ташаббусларингиз ва саъй-ҳаракатларингиз билан ҳаж амалларини юқори савияда ташкил этишга муваффақ бўлмоқдамиз.
Бундай эътибор ва эҳтиромни биз ҳожилар чин юракдан ҳис этиб, яратилган барча қулайликлар учун Сизга чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.
Ҳурматли Президент Сизни ва Сиз орқали юртдошларимизни ҳаж ибодатини адо этаётган ҳамюртларимиз номидан мусулмон уммати учун энг улуғ байрам – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.
Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Дуоларнинг энг яхшиси арафа куни қилинган дуодир”, деб хушхабар берганлар.
Аллоҳ таолонинг байти жойлашган муқаддас заминда – Мино, Арафот каби муборак манзилларда улуғ амалларни ихлос ила бажармоқдамиз.
Сизни вақт ажратиб, муборак ҳаж зиёрати учун яратилган шароитлар ва саломатлигимиз ҳақида сўраганингиз ҳамда ҳар куни ҳолимиздан хабардор бўлиб турганингиз ибодат билан юрган биз ҳожиларни чексиз даражада мамнун этди.
Бундай эътибор ва эҳтиромни Саудия Арабистонининг мутасаддилари ҳам юқори баҳолаб, Сиз Жаноби Олийларига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқдалар.
Муборак масканларда ҳар бир зиёратчи Сизнинг ғамхўрлигингизни юракдан ҳис қилиб, кўзларида ёш билан дуолар қилаётганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман.
Сизга айтадиган яна бир хабаримиз, Саудия Арабистонида бўлиб турган юртимизнинг диний соҳа вакиллари ҳамда зиёратчилари томонидан мавсум давомида Қуръони карим 10 минг маротаба хатм қилиниб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинди.
Ҳурматли Президент, Сиз яратиб берган имкониятлардан руҳланиб, ўзбекистонлик ҳожилар юртга қайтганимиздан кейин “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” деган эзгу ташаббусни бир овоздан илгари суриб, Учинчи ренессанс яратувчиларини тарбиялашда Сизга кўмакчи бўлмоқчимиз.
Сиз бошчилигингизда юртимизда тинчликни мустаҳкамлаш, халқимизнинг маънавиятни юксалтириш, айниқса ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, керак бўлса дунёни эгаллаши каби масалалар энг устувор вазифага айланди.
Шундай экан, биз ҳожилар юртимизга қайтгач, қуйидаги ишларни амалга оширмоқчимиз:
– она-Ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, маҳаллаларда тинчлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида тинчлик-осойишталикни қадрига етиш, халқимизни маънан юксалтириш, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш кабиларга тарғиб этиш;
– китобхонлик маданиятини юксалтириш, илмни қадрлаш ва илм-маърифатга ҳомийликда намуна бўлиш;
– тўйлар, оилавий тадбирлар ва маросимларда меъёрийликка амал қилган ҳолда камхарж ва ихчам ўтказишда бош-қош бўлиш;
– кийинишда ва муомалада оддийлик ва камтаринликка амал қилиш, дабдабабозлик, исрофгарчилик, маишатбозлик каби иллатлардан йироқ бўлишни тарғиб қилиш;
– ёшларни муваффақиятларга фақат ўқиб-ўрганиб, илм билан эришиш мумкинлигини ўргатиш;
– устозлар, ўқитувчи ва мураббийларга доимо эҳтиром кўрсатиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ишларига кўмак бериш;
– маҳаллалардаги нотинч оилалар, шу жумладан тарбиясида муаммоси бор ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш;
– ҳудудлардаги мактабларнинг таъмирга муҳтож қисмини жорий таъмирлаш ишларига кўмаклашиш;
– хайрия, меҳр-мурувват ва ёрдам кўрсатиш ишларини кўпайтириш.
Барча ҳожиларимиз юртимизга қайтгандан сўнг ушбу ташаббусларни қатъий амалга оширишга ваъда берамиз.
Зеро, жонажон Ватанимиз келажаги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз шону шуҳрати Сиз айтганингиздек ёшларимиз қўлидадир. Улар эртага Ўзбекистонни янада кучли, юксак тараққий этган давлатга айлантириш учун ўзларининг бор билими, иқтидори ва куч-ғайратини сафарбар қилса, кўзлаган барча эзгу мақсадларимизга, албатта эришамиз.
Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек:
“Заковат бор жойда улуғлик бўлади,
Билим бор жойда буюклик бўлади”.
Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!
Биз, 15 минг ҳожи дуолар ижобат бўладиган Арафотда туриб, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва улкан муваффақиятлар тилаб, олиб бораётган барча ишларингизда мададкор бўлишини сўраб илтижолар қиляпмиз.
Аллоҳ таоло бутун дунё мўмин-мусулмонларига Қурбон ҳайитини муборак айласин, тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин!
Қурбон ҳайити муборак бўлсин!
Ҳурмат ва камоли эҳтиром ила,
Ўзбекистон ҳожилари,
Макка шаҳри Арафот водийси,
2025 йил 5 июнь