Бугун, 1 июнь куни Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида ташкил этилган 49-ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси вазирлар, муфтийлар, уламолар ва ҳаж хизматига алоқадор турли соҳалар етакчилари билан бирга иштирок этди.
Мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган анжуманни мамлакат Ҳаж ва умра ишлари вазири кириш сўзи билан очиб, мартабали меҳмонларни Маккаи мукаррамага ташрифлари ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида сўзлади.
Халқаро анжуман доирасида ҳаж ибодатини енгиллаштириш, зиёратчиларга қулай шароит яратиш, жорий ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётгани, ҳожилар саломатликларига эътибор қилишлари, Арафот ҳудудидаги Раҳмат тоғига чиқишдан сақланишлари, шунингдек, ҳаж хизматидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Халқаро анжуманда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг зиёратчиларга хизмат кўрсатиш соҳасида амалга ошираётган кўламли ишлари ҳақида сўз юритилди. Мусулмонларга хизмат қилиш учун Икки Муқаддас Масжиддаги энг муҳим лойиҳа ва катта ўзгаришлар тақдимот қилинди. Шунингдек, ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказилади. Бу йилги анжуманда 50 дан ортиқ давлатдан 500 дан зиёд олим ва мутафаккирлар мавзу юзасидан муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.