Аллома Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ:
"Ҳақиқий оқиллар мухолифлари билан боғлаб турувчи ришталарга қарайдилар:
Биринчиси: Одамгарчилик,
Иккинчиси: Ислом,
Учинчиси: Илм риштаси".
Бу ҳикматда, ақлли ва ихлосли инсонлар ҳатто ўзларига қарши фикрда бўлган одамлар билан ҳам умумий боғлиқликларни кўрадилар. Улар одамийлик жиҳатидан барибир бир инсон эканлигини, агар мусулмон бўлса, Ислом биродарлиги бирлаштиришини ва илм риштаси билан ҳам боғланишини англайдилар. Бу эса ихтилофлар чекиниб, ҳурмат, бағрикенглик ва ижобий муносабатлар учун асос бўлади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Фарғона вилоятидаги диний соҳа вакиллари иштирокида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда стол тенниси бўйича мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад диний соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Кўтаринки руҳ ва дўстона муҳитда ўтган беллашувларда иштирокчилар билим, тафаккур ва чаққонлик борасида ўз маҳоратларини намоён этди.
Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра ғолиблар аниқланди.
“Заковат” интеллектуал ўйини натижалари:
1-ўрин — Марғилон шаҳри жамоаси;
2-ўрин — Олтиариқ тумани жамоаси;
3-ўрин — Фарғона шаҳри жамоаси.
Стол тенниси мусобақаси натижалари:
1-ўрин — Сарвар Раҳмонзода («Эшонбобо» жоме масжиди имом ноиби);
2-ўрин — Муҳаммадюнус Мирзараҳимов («Сулаймонбек ҳожи» жоме масжиди имом ноиби);
3-ўрин — Муҳаммадюсуфхўжа Саидхўжаев («Абу Мусо ал-Ашъарий» жоме масжиди имом ноиби).
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати