Савол: Масжидимизда тут, олма каби мевали дарахтлар бор. Улар пишган пайтда, намозга келганлар улардан олиб ейишади. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Масжид ҳовлисидаги мевали дарахтлар вақф қилувчи ёки дарахт эккан шахс томонидан одамларнинг умумий фойдаланиши учун экилган бўлса, одамлар бу дарахтларнинг мевасини ейишлари мумкин. Аммо агар бу дарахтлар масжид даромади учун экилган бўлса, яъни эккан одам “шу дарахтнинг мевалари мана шу масжид учун даромад бўлсин” деган мақсадда эккан бўлса, ёки нима ниятда эккани маълум бўлмаса, бу ҳолатда уларни сотиб, пулини масжид эҳтиёжларига сарфлаш зарур бўлади. Шунинг учун, бу турдаги дарахтларнинг меваларини пулини тўламай ейиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими 2025-2026 ўқув йили учун олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш саналарини эълон қилади:
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти,
Мир Араб олий мадрасаси,
Ҳадис илми мактаби,
Имом Термизий номидаги ислом институти ва
барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларига
2025 йил 25 июндан 20 июлгача давом этади.
Олий диний таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни топширади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
Хорижий давлатлардаги диний таълим муассасаларини тамомлаган ва мамлакатимизда нострификациядан ўтказилган дипломга эга бўлган абитуриентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
маълумоти тўғрисида аттестат ёки диплом нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
чет тилини билиши тўғрисидаги ҳужжат асл нусхаси (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа тилда имтиҳон топширувчилар учун).
Маълумот ўрнида: Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади. Жорий йилда ўқишни тамомлаб, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган абитуриентлардан эса тўлов ундирилмайди.
2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz (https://t.me/qabulmuslimuz) телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати