Шайх Абу Али Термизий ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ушбу дуони ҳар бир намоз ортидан ўқиса, албатта олим бўлади", дедилар. Дуо қуйидагичадир:
“Робби зидний ъилман ва вассиъ лий ризқан. Ва барик лий фийма розақтаний. Важъалний маҳбуубан фий қулууби ъибадика ва ъазизан фий ъуйуниҳим. Важъалний важийҳан фид дуня вал ахироти ва минал муқорробийн. Йа касийрон навваал, йа ҳасанал фиъаал, йа қоиман билаа заваал! Йа мубдиъан билаа мисаал! Лакал ҳамду ва лакал миннату ва лакаш шарафу ъалаа кулли ҳаал!”.
Буни у зот шайх Иброҳим Замзамийнинг хати билан “Ан нафасул ямааний”да зикр қилганлар
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди
имом-хатиби Шерзод Раҳимов
Манба: t.me/softalimotlar