Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бу киши дардга чалинган бир кишининг қулоғига ниманидир ўқидилар. У соғайиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг қулоғига нима деб айтдинг?» деганларида, бу киши: «Мўминун» сурасининг 115-оятидан то охиригача» ўқиганларининг хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор киши мана шу оятларни ишонч билан ўқиса, тоғни ҳам майдалаб юборади», дедилар" (Ибн Сунний ривояти).
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.