Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У Ҳажарул асвад рукни билан Каъба эшиги оралиғи бўлиб, ўлчами икки метрдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Мултазам рукн билан эшик оралиғидадир», дедилар.
Мужоҳид: «Рукн билан эшик орасида мултазам бордир», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят килинади:
«Бу зот тавоф қилиб, намоз ўқиб, кейин рукнни ўпиб, сўнгра тош билан эшик олдида тик туриб, икки қўл, чаккаларини кўкракларига ёпиштириб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай қилиб турганларини кўрдим», дедилар.
Абу Зубайр: «Абдуллоҳ ибн Умар, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар мултазамда туришганини кўрдим», дедилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бирор киши қора тош билан Каъба эшиги олдида туриб Аллоҳга дуо қилса, барча яхши кўрган нарсаларининг ҳожати чиққанини кўради», дедилар.
Мужоҳид: «Рукн билан эшик орасидаги жой Мултазам деб номланади. Одамлар ўша ерда Аллоҳдан бирор нарса сўрашса ёки бирор нарсадан паноҳ тилашса, Аллоҳ уни уларга беради», дедилар.
Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан
“Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
“Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикри қилинмайдиган уй худди тирик ва ўликка ўхшайди” дея умматларига зикрнинг фазилатларини гўзал мисоллар ила етказган Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Каъбул Аҳбор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳнинг зикри билан уйингизни нурга тўлдиринг. Хонадонингизга намозингиздан бўладиган хурсандчиликни олиб киринг. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг номлари само аҳлига маълумдир. Улар: “Фалончи уйини Аллоҳнинг зикри билан обод қиляпти”, дейишади”.
Каъб раҳматуллоҳи алайҳи дедилар: «“Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” зикрлари Аршнинг атрофида асаларининг ғувиллаши каби эшитилади. Улар ўз эгасини ва унинг солиҳ амалларини зикр қилиб туради».
Даврон НУРМУҲАММАД