Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Имомнинг қироати кифоя

20.06.2025   5995   1 min.
Имомнинг қироати кифоя

Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилувчи имом орқасида хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда қироат қилмайди.

Бунга далил Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир», деб айтганлар.

Мана шунга саҳобаи киромлар ҳам ижмоъ қилишган. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: «Қачон қироат қилинса, бас, жим туринг!»  Имом Муслим ривояти.

Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф розиялоҳу анҳумлар наздида: Имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши макруҳ бўлади, бундан мурод макруҳи таҳримийдир.

Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: «Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»

Шундай экан имомга эргашувчи ҳар бир намозхон имомга иқтидо қилиб эргашдими, имомни қироатини эшитиши ва сукут сақлаб жим туриши керак бўлади. Шунда адо этиладиган ибодатлар мукаммал, бехато бўлади.

Ҳанафий мазҳабининг масаласига биноан, фиқҳий матн китоблари кўрсатмасига амал қилган ҳолда барча намозларда имом орқасида муқтадий жим туриши талаб этилади. Акс ҳолда, макруҳи таҳримий ишни қилиб қўйиш мумкин.

Абдуғаффор Нишонов,

Поп тумани "Сой" жоме масжиди имом-хатиби

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Марҳумлар учун Қуръон тиловати

23.06.2025   1366   2 min.
Марҳумлар учун Қуръон тиловати

Уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар. Ҳанафий мазҳабининг имомларидан Абу Жаъфар Таҳовий “Ақидату Таҳовия” китобида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, деб келтиради.

“Рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикр каби баданий ибодатларни қилиб ўтганларга бағишласа савоби етадими, йўқми” деган масалада бироз ихтилоф бор. Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур уламолар “Баданий ибодатнинг савоби ўлганларга етади”, деганлар.  

Ибн Ҳож “Мадҳал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз майитга етишини хоҳласа, шу ишини “Эй Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин”, деб дуога айлантирсин”, дейди.

Ибн Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб, унинг савоби марҳумга бағишланса, бу ерда  ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади.

Динимизда инсон ўлиши билан унут бўлмайди, уларнинг тириклар зиммасида ҳақлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга тарғиб этилган. Қуръони каримда ўтганларнинг ҳақига мағфират сўраб дуо қилган мўминлар зикр қилинади. 

Аллоҳ таоло Ҳашр сураси 10‑оятда шундай марҳамат қилади: “Улардан кейин келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.

Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид таълимотларни чуқур ўрганган уламолар Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳақига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар. 

Хулоса шуки, бир қанча манбаларда Қуръон қироатининг савоби вафот этганларга етиб бориши айтилган. "Ҳидоя", "Бадоиъ", "Баҳр" ва бошқа китобларда бу ҳақда етарлича маълумотлар топилади. Шундай экан, бу борадаги ҳар хил нотўғри фатволарга эътибор бермаслик керак.

Тўрақўрғон тумани "Яндама" жоме масжиди

имом хатиби Абдурахим Суроббаев

Манба: http://t.me/Softalimotlar