Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилувчи имом орқасида хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда қироат қилмайди.
Бунга далил Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир», деб айтганлар.
Мана шунга саҳобаи киромлар ҳам ижмоъ қилишган. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: «Қачон қироат қилинса, бас, жим туринг!» Имом Муслим ривояти.
Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф розиялоҳу анҳумлар наздида: Имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши макруҳ бўлади, бундан мурод макруҳи таҳримийдир.
Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: «Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»
Шундай экан имомга эргашувчи ҳар бир намозхон имомга иқтидо қилиб эргашдими, имомни қироатини эшитиши ва сукут сақлаб жим туриши керак бўлади. Шунда адо этиладиган ибодатлар мукаммал, бехато бўлади.
Ҳанафий мазҳабининг масаласига биноан, фиқҳий матн китоблари кўрсатмасига амал қилган ҳолда барча намозларда имом орқасида муқтадий жим туриши талаб этилади. Акс ҳолда, макруҳи таҳримий ишни қилиб қўйиш мумкин.
Абдуғаффор Нишонов,
Поп тумани "Сой" жоме масжиди имом-хатиби
Манба: @Softalimotlar
Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.