Отам менга ўргатган учта ишни ҳеч қачон унутмайман. Сизларга ҳам улар ҳақида айтиб бергим келди.
Биринчиси, отам менинг қўлимдан тутиб, ёзишни ўргатарди. Мен ўқиш ва ёзишни отамдан ўргандим. Ҳаётим мобайнида нимаики яхши нарса ўқисам, ёзсам, унинг савобидан отамга ҳам насиба бориб туради, иншоаллоҳ.
Иккинчиси, отам тирноқларимни олиб қўяр, менга бу ишнинг аҳамияти, тирноқ остидаги микробларнинг зарари, хусусан, овқат пайтидаги зиёни ҳақида гапириб берарди. Бироз каттароқ бўлганимда тирноғимни ўзим олишимни ўргатди. Ҳар тирноқ олганимда шуларни эслаб, ҳақига дуо қилиб қўяман.
Учинчиси, отам нонушта қилмай уйдан чиқишимга йўл қўймасди. Соғлом бўлишда эрталабки нонуштанинг аҳамиятини кейин билиб олдим. Ҳар нонушта қилганимда ҳам отамнинг ҳаққига дуо қиламан.
Маърузаларимдан бирида йиғилганлардан: «Фарзандларингизга ҳар куни қўллайдиган учта ажойиб одатингиз борми?» деб сўрадим. Бир ота деди: «Ишга кетишимдан олдин уларни ўпиб қўяман, аср намозини ўқиб бўлгач, уларинг ҳар бири учун дуо қиламан, уйқуга ётишларидан олдин уларни бағримга босаман».
Сиз ҳам ўзингиздан сўраб кўринг-чи, отангиз ёки онангиз сиз учун бажарадиган учта энг яхши ишни эслай оласизми? Ёки ўзингиз болангизга учта яхши одатни ўргатяпсизми?..
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг
"ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА 700 САБОҚ" китобидан
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ