Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла (фаришталарга) айтади: «Бандам бирор ёмонликка шайланса, уни ёзманглар. Агар уни қилса, битта ёмонлик ёзинглар. Агар бирор яхшиликка шайланса-ю, уни қилмаса, битта яхшилик деб ёзинглар. Агар уни қилса, ўнта (яхшилик) ёзинглар» (Имом Муслим ривояти).
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".
“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД