Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малакаошириш марказида диний-маърифий соҳадаги Матбуот хизмати ходимлари учун семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда Тошкент шаҳар ва вилоят вакилликларининг 71 нафар Матбуот хизмати ходимлари офлайн ва онлайн шаклида иштирок этди.
Ўқув семинарда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуровнинг “Ёшларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилишда диний-маърифий сайтларнинг роли: муаммо ва ечимлар”, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул ходими Нурали Ориповнинг “Давлат органлари ва ташкилотларда ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш, бугунги талаблар”, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Нодир Шомирзаевнинг "Интернет тармоғида тарқатилаётган ёт ғояларнинг таҳлили: муаммо ва ечимлар (турли экстремистик ташкилот ва шахсларнинг тарғиботи мисолида)", Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, тех.ф.н., доцент Қурбон Раҳмоновнинг "Ижтимоий тармоқ саҳифалари кўринишини янгилаш, фаолият самарадорлигини ошириш, контент тайёрлаш бўйича муҳим таклиф ва тавсиялар" мавзусидаги маърузалари тингланди.
Учрашув давомида марузачилар томонидан соҳага оид иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Суҳбатларда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилгани, 100 та янги жоме масжид очилгани, кўплари ҳавас қиладиган даражада обод бўлгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Қуръони каримни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Учрашувларда риё-хўжакўрсин иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш ва бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати