Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).
#xabar #mahorat #imom
Бугун, 16 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритаётган 80 нафардан зиёд воиз имом домлалар учун Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида “Замонавий ахборот маконида диний-маърифий соҳа мутахассисларининг медиа-тарғибот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари” мавзусида 72 соатлик малака ошириш ўқуви бошланди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида бўлиб ўтган ўқув курсининг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, мазкур институт директори Ҳусниддин Аҳмедов ва тингловчилар иштирок этди.
Тадбирда Ҳомиджон домла бугунги мураккаб давр барча соҳа вакиллари қаторида имом домлалардан ҳам ўз билим ва малакаларини доимий ошириб бориш, инсонларни тўғри йўлга бошлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш йўлида жидду жаҳд қилишни талаб этаётганини таъкидлади. Шунингдек, нотиқлар мазкур курснинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Икки ҳафта давом этадиган мазкур ўқувда бугунги кунда долзарб бўлган мавзуларда дарс машғулатлари олиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати