Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: “Жума кунида садақа беришнинг ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан фазли, Рамазон ойида садақа беришнинг бошқа ойларда садақа беришга нисбатан фазли кабидир”, деди.
Жуда оз бўлса ҳам, кунига садақа қилишни одат қил. Чунки садақа:
• Аллоҳнинг ғазабини ўчиради;
• касалликка даво бўлади;
• мол-мулкингни поклайди;
• Қиёмат куни соя бўлади;
• инсон вафотидан кейин ҳам ажр-савобни кўпайтириб туради.