حدثنا عباس الدوري نا محمد بن بشر العبدي نا مجمع بن يحيى عن عثمان بن موهب عن موسى بن طلحة عن طلحة قال: قلت: يا رسول الله كيف الصلاة عليك ؟ قال: قل :اللهم صل على محمد كما صليت على إبراهيم إنك حميد مجيد وبارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على إبراهيم إنك حميد مجيد.
Мусо ибн Талҳа розияллоҳу анҳу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизга салавот қандай айтилади?” деб сўрадим.
У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин камаа соллайта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд. Ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа бааракта ъалаа Иброҳийма иннака ҳамийдун мажийд”, деб айт”, дедилар.
Салавотнинг маъноси: “Аллоҳим! Иброҳимга салавот йўллаганингдек, Муҳаммадга ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан. Иброҳимга баракот берганингдек, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқ ва улуғвор Зотсан”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дўзах Роббига шикоят қилиб, «Роббим, ич-этим бир-бирини еб юборяпти», деди. Шунда У Зот унга икки нафасга – қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга изн берди. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана шундандир» (Ибн Можа ривояти).
Қуёш қиздирган, жазирама иссиқ кунда қайта тирилиш кунини эсла ва Аллоҳдан Аршининг соясини, шифти остидаги мақомни сўра!
Аллоҳим! Кундузлари соим, кечалари қоим бўлишда, кўзни тийиш, тилни сақлашда бизга Ўзинг ёрдамчи бўл!
Иссиқ ҳавога сабр қилсанг, ёмонликларинг ўчирилади.
– Агар иссиққа сабр қилиб, савоб умид қилсанг, Аллоҳ яхшилигингни зиёда қилиб беради.
– Агар Аллоҳ иссиқни тақдирингга битган эканига рози бўлсанг, У Зот ҳам сендан рози бўлади.
– Агар иссиқда рўза тутсанг, машаққатингга яраша рўзангни ҳам савоби ошади.
– Агар иссиқда масжидга борсанг, салқин ҳавода боргандан кўра кўпроқ савобга эришасан.
Энди ўйлаб кўргин, шундай улкан савоблари бор экан, нега бу иссиқдан бунча диққинафас бўласан?