Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ахборот хизмати ЎзАга маълум қилишича, қўмита Ўзбекистоннинг ушбу объектни асраш бўйича саъй ҳаракатларини юқори баҳолаб, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда ИКОМОС (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни асраш бўйича халқаро кенгаш) билан самарали ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Келгуси босқич сифатида Ўзбекистонга такрорий номинацияни тайёрлаш учун уч йил муддат берилди. Унда Шаҳрисабзнинг сиёсий, маданий ва диний марказ сифатидаги бетакрор тарихий ролини акс эттирувчи темурийлар даври меъморий меросига алоҳида урғу қаратилади.
Шаҳарнинг тарихий қисми буфер ҳудуд сифатида белгиланиши режалаштирилган, бу унинг маданий қийматини янада самарали асраш имконини беради. Мазкур қарор халқаро ҳамкорлик доирасида олиб борилган тизимли ва очиқ мулоқотлар натижаси бўлди.
Анжуманда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова бошчилигидаги делегация иштирок этиб, ЮНЕСКО, ИКОМОС ва барча халқаро ҳамкорларга билдирилган ишонч ва кўрсатилган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирган.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати