Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло айтади: "Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур" (Муҳаммад сураси, 6-оят).
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: "Жаннат аҳли жаннатдаги уйларини таниб олишади. Ҳатто бир киши жаннатда ўз уйига дунёдаги уйига келгани каби бориб олади", деди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: "Яъни, улар жаннатда ўз манзилларини осон топадилар", деди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: "Бу оят мўминларга берилган улуғ бир муждадир. Чунки дунёда улар сабр қилдилар, иймонларини мустаҳкам тутдилар. Энди жаннатда ўз маконларини Аллоҳнинг ҳидояти билан осонгина топадилар. Бу Аллоҳнинг уларга лутфидир", деди.
Аллоҳ таоло мўминлар ва тақводорларни Ўзи уларга тавсифлаб, таърифлаб берган жаннатга киритади. Бу жаннат улар учун аввалдан тайёрланган ва улар унда ўз манзилларини худди дунёдаги уйларини билгандек, осонгина топадилар.
#xabar #kirish_imtihoni #hadis_ilmi_maktabi
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабининг 2025-2026 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.
Шу муносабат билан эрта тонгда Тошкент шаҳридаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидида бўлиб ўтган тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, имтиҳон олувчи педагог-ўқитувчилар, абитуриентлар иштирок этди.
Дастлаб Ҳадис илми мактаби ректори Барот домла Амонов қабул имтиҳонларини юқори савияда ўтказиш учун кўрилган тайёргарлик ишлари, абитуриентларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов нутқ сўзлади. Нотиқлар юртимизда диний таълимга берилаётган эътибор ҳақида сўз юритиш баробарида қабул имтиҳонларида абитуриентларнинг билимлиларини саралаб олиш асосий мақсад эканини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилиши таъминланишига урғу беришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи ўринбосари Шерзод Чўлпонов томонидан ижодий имтиҳонни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тушунтирилди. Шундан сўнг Қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон варақалари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилиб, ижодий имтиҳонга старт берилди.
Маълумот ўрнида, бугун “Ҳадис” ва “Мусталаҳул ҳадис” фанларидан оғзаки ижодий имтиҳон ўтказилади. Эртага, 25 июль куни Араб тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтади.
2025-2026 ўқув йили имтиҳонлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати