Савол: Умрага борган киши, етти марта тавофни қилиб бўлгач, толиқиб қолиб, Сафо ва Марва орасида саъйни қилмай, меҳмонхонага кетиб қолса, нима қилиши лозим бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу одам меҳмонхонада бироз ором олгач, ҳарамга қайтиб, саъйни қилиши вожиб бўлади. Чунки Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилиш умранинг вожибларидан саналади. Шунинг учун умра қилаётган одам тавофдан кейин саъйни тугатмагунча эҳромдан чиқа олмайди. Агар саъйдан олдин сочини олдириб, эҳромдан чиққан бўлса, ўз вақтидан олдин эҳромдан чиққани учун, зиммасига бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Шу билан бирга саъйни қилиши ҳам лозим бўлади. Агар кекса ёки беморлиги туфайли ўзи юришга қийналса, аравада саъй қилса ҳам жоиз бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
IQNA сайти хабарига кўра, Мисрдаги машҳур “Қуръон карим” радиоэшиттириши раҳбари Исмоил Дувайдар узоқ танаффусдан сўнг машҳур “Мусҳаф муаллим” дастури яна эфирга қайтганини маълум қилди. Дастур ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 09:45 да эфирга узатилади. Уни Саъд ал-Мутъаний олиб боради.
Ушбу дастур Қуръон каримни янги ўрганаётган ва ёд олишни истаган кишилар учун мўлжалланган бўлиб, унда тажвид қоидаларига мувофиқ тўғри талаффуз ўргатилади. Дастурда Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарийнинг тиловатлари асос қилиб олинган.
Шунингдек, Қуръон карим радиоэшиттириши Миср Вақфлар вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар куни диний танлов ҳам ўтказмоқда. Ғолиблардан икки нафарига 2 500 миср фунти миқдорида мукофот берилади. Тингловчиларнинг саволига жавобни (сура ва оят рақами) вазирликнинг “Facebook” саҳифасидаги махсус ҳавола орқали юборишлари лозим.
Исмоил Дувайдар таъкидлашича, радиоэшиттириш ҳозирда Мисрнинг етук қори ва машҳур уламолари марҳум шайх Абдуфаттоҳ Шаъшаъийнинг илгари эфирга узатилмаган ноёб тиловатларини ҳам тақдим этмоқда. Бу тиловатларни шайхнинг оиласи радиоэшиттиришга совға қилган.
Шунингдек, шайх Мустафо Исмоилнинг набираси томонидан берилган 18 та ноёб тиловат ҳам ушбу бой жамғармага қўшилди. Шу билан бирга, Шайх Муҳаммад Рифъат, Шайх Абдулбосит Абдуссомад ва Шайх Муҳаммад Табловий каби машҳур етук қориларнинг тиловатлари ҳам эфирда янграмоқда.
Илёсхон Аҳмедов,
тайёрлади.