Шу йил 28 июль куни пойтахтимизнинг Сергели туманидаги «Нурул ислом» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Туманлар бош имом-хатиблари, имом-домлалар, уламолар, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари қатнашган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бордилар.
Йиғилишдан сўнг маҳаллаларга чиқилиб, ёши улуғ инсонлар, ўзгалар кўмагига муҳтож кишилар, эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ажирим ёқасида турган 120 дан ортиқ оилалар ҳолидан хабар олинди.
Ҳудуддаги таъмирталаб аҳволга келиб қолган бир уй Сергели тумани имомлари, ҳомийлар кўмагида қайта қуриб берилиши тадбирнинг аҳамияти нақадар улуғ эканини кўрсатади.
Тумандаги 350-умумий ўрта таълим мактаби учун ҳожатхона қуриб бериш масаласи ҳам ҳомийларни жалб қилган ҳолда ҳал этилди.
Пешин намозидан сўнг Абдуқаҳҳор домла Юнусов «Нурул ислом» масжиди қавмига «Ўзгаларга яхшилик қилиш» мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Тадбир кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Хайрли дуолар йиғилишга ўзгача файз бағишлади.
MuslimShosh.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари ўртасида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан спортнинг стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди.
Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтган мусобақа якунига кўра:
1-ўрин: И.Аметниязов (Тахтакўпир тумани «Абдулкарим охун» жоме масжиди имом-хатиби);
2-ўрин: Р.Комилжонов (Тўрткўл тумани «Ғоиб ота» масжиди имом-ноиби);
3-ўрин: О.Машалов (Беруний тумани «Султон увос бобо» жоме масжиди имом-ноиби).
Мусобақа сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари А.Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б.Разов ва Нукус «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти директори Ж.Абдираззақовлар иштирокчиларни ғалаба билан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилашди.
Ғолибларга «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати