Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз сафарга чиқдик. Орамиздан бир кишига тош тегиб, бошини ёрди. Кейин ўша одам эҳтилом бўлиб қолди ва шерикларидан “Менинг таяммум қилишимга рухсат топа оласизларми?” деб сўради. Улар “Биз сенга рухсат топа олмаймиз. Ваҳоланки, сен сувга қодирсан” дейишди. Ҳалиги одам ғусл қилди ва вафот этди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига қайтганимизда ўша иш ҳақида хабар берилди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрамайдиларми? Ахир билмасликнинг шифоси сўраш-ку! У одамнинг таяммум қилиши ва жароҳати устига бир латтани қўйиб ёки боғлаб (бу ровий Мусонинг шаккидир), сўнгра уни устига масҳ тортиб, қолган жасадини ювиши кифоя қиларди” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.
“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.
“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.
“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.
“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.
“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.
“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.
“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.
“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.
Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат” деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ