Одамларга хитоб қилаётганингизда энг чиройли сўзлардан фойдаланиб, чиройли тарзда гапиринг. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамларга яхши гаплар айтингиз” (Бақара сураси, 83-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яримта хурма билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг. Агар кимки буни тополмаса, ширин сўз билан!”.
Гапингиз орасида тўхтаб-тўхтаб, шошмасдан гапиринг, токи эшитаётган одам мақсадингизни тушунсин, унинг мағзини чақсин!
Оиша розияллоҳу анҳодан бундай деганлари ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди сизлардек гапирардилар, лекин гап орасида тўхталиш (пауза) қилиб гапирардилар ва шу орқали ўтирганлар у зотнинг гапларини ёдлаб қолишарди”.
Оиша онамиз яна шундай деган эканлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай оҳиста гапирар эдиларки, гапларини санашга ҳам имкон бўларди”.
Сизни тинглаётган одамнинг фаҳмига лойиқ тарзда хитоб қилинг. У тушунадиган сўзларни ишлатиб гапиринг. Йўқса ёмон гумонга бориб қолади, яъни агар сиз унинг илмий савиясидан юқорироқ савияда гапириб қўйсангиз, у буни истеҳзо қилиш, пастга уриш деб ўйлаб қолади.
Камгап бўлишга ҳаракат қилинг. Иложи бўлса, саволга жавоб бериш, насиҳат қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ёхуд Аллоҳга чақиришдан ташқари ҳолатларда гапирманг. Зотан Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтдики: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берурмиз” (Нисо сураси, 114-оят).
Кўп гапириб, Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолмангиз! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳнинг зикри бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳни ёд этмаган ҳолда кўп гапириш қалбни қорайтиради. Аллоҳдан энг узоқ банда қалби қотган (қорайган) бандадир”.
Сергапликдан, бекорчи ва мақсадсиз гаплардан четланинг! Зеро Роббимиз таоло Мўминун сурасининг 1-3-оятларида айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир”.
Гапиришдан олдин гапингизни, унинг оқибатини ўйлаб олиб, кейин гапиринг. Мақсадингизни яхши қамраб олмасдан, аниқлик киритиб олмасдан туриб гапирманг!
Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар” (Қоф сураси, 18-оят).
Гапираётган одамингизнинг юзига қараб гапирингки, унга бўлган эътиборингизни ҳис қилсин! Телефонингизни титиб ёки ўнгга-чапга қараб гапирсангиз, бу унинг парвосини ҳам камайтиради.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх, доктор Абдулҳай Орифий қуддиса сирруҳу шундай дедилар: "Гуноҳларга журъат ва иштиёқ пайдо бўлганда, дарҳол уларни муолажа этишга ҳаракат қилинг. Қачон қалбда ҳаромга бир қараб олай, бир назар ташлаб маза қилай, деган хоҳиш пайдо бўлса, тасаввур қилинг, отангиз сизни кўриб турибди. Шунда ҳам бу ҳаракатингизни давом эттирармидингиз? Ёки шайхингиз кўз олдида ҳам юзсизларча ҳаромга тикилаверармидингиз?
Фарзандларингиз олдида ҳамми? Аниқки, агар улардан бирортаси менинг бу ҳаракатимни кўриб турган бўлса, назаримни пастга оламан ва қалбда қанчалик кучли хоҳиш бўлмасин, бу ишни қилмайман. Сиз ҳам шундай пайтда кўзингизни тиясиз, деб умид қиламан.
Кейин шундай тасаввур қилингки, одамларнинг кўриш-кўрмаслигидан менинг дунё ва охиратим учун бирор фойда йўқ, лекин бу ҳолатимни Аҳкамул ҳокимийн бўлган Зот Аллоҳ таоло кўриб турибди, У Зот менга бу ишим учун, истаса, жазо ҳам беради.
Шу нарсаларни ўйласа, иншаАллоҳ, Аллоҳ таоло бандани бу гуноҳдан муҳофаза қилади".
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан