Бугун, 30 июль куни пойтахтимиздаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидида Тошкент Ислом институтининг модуль таълим тизимига 2025-2026 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бошланди.
Мазкур таълим йўналишига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини муваффақиятли тамомлаган, шунингдек, 4 йил ва ундан ортиқ муддат давомида диний соҳада фаолият юритган имом-хатиб ва имом ноиблари ҳужжат топширган.
Имтиҳон олди мутасаддилар томонидан тест имтиҳонини ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Асосий эътибор адолат ва шаффофликни таъминлашга қаратилган бўлиб, имтиҳон жараёнига соҳа мутахассислари билан бир қаторда турли ташкилотлар вакиллари ҳам жалб этилган.
Модуль таълим тизимига кириш истагида бўлган номзодлар қуйидаги иккита асосий йўналиш бўйича ўз билимларини синовдан ўтказади:
* Ихтисослик фанлар мажмуаси: Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, фиқҳ, ақоид каби муҳим фанлар;
* Ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси: Ўзбекистон тарихи, Маънавият асослари, Миллий ғоя каби фанлар бўйича.
Маълумот ўрнида мандат натижалари барча олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўтказилгандан сўнг 3 иш кунида эълон қилинади.
Имтиҳон жараёнига оид тезкор янгиликлар @qabulmuslimuz телеграм каналида ёритиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Дунёга муҳаббатни кетказиш ва охират ғамини қалбда пайдо қилишнинг йўли бор. Йигирма тўрт соат ичидан озгина вақт ажратинг, кечаю кундузларимиз ғафлатда ўтаётганини ўйланг, ўлимни унутганимизни ўйланг, ҳали Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳозир бўлишдан, буюк ҳисоб-китобдан, жазо ва мукофотдан ғафлатда қолганимизни ўйланг.
Шу нарсалар ҳақида ўйлашга вақт ажратинг, бир кунмас бир кун ўламан, кейин Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай қилиб ҳисоб бераман? Сўровларига нима деб жавоб қиламан? деб ўйланг. Шу ўйлар ҳар доим қалбда тирик турсин.
Агар киши ҳар куни шу нарсаларни фикрлаб турса, бор-йўғи бир неча ҳафтада, иншаАллоҳ, дунёга муҳаббат қалбидан чиқиб кетади. Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматидан барчамизга бу айтилганларга амал қилиш тавфиқини ато этсин, омин.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан