Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар ва: “Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва сингувчироқ”, дер эдилар», дейилади (Тўртовлари ривоят қилишган). Сувни ўтириб, оз-оздан ичиш ва исроф қилмаслик борасида набавий таълимот бор.
Сувнинг фойда-зарарлари ҳамда уни суннатга мувофиқ ичиш хусусида диетолог, нутрициолог, эндокринолог Осиё ИСМОИЛОВА билан суҳбатлашдик.
– Ассалому алайкум. Сувни тўғри танлаб, тўғри ичиш муҳим. Сув ичиш оддий ҳолат бўлиб кўринса-да, аслида ундан шифо топиш учун билишимиз керак бўладиган масалалар нималардан иборат?
– Аллоҳ берган неъматларни тўғри истеъмол қилиш энг яхши шифо эканини кўпчилик билмайди. Жисмимиздаги лимфа тизими танамиздаги зарарли моддаларни чиқаришга хизмат қилади. Унинг ишлаши бевосита сув билан боғлиқ. Сув кам ичиш лимфа тизими фаолияти қийинлашиб, қон қуюқлашиши, ўт қопи муаммолари, қон босими кўтарилиши ёки пасайишига сабаб бўлади. Қонни суюлтириб, уни тозалайдиган омил бу – сув. Инсон вазнига кўра сув ичиши керак. Кўпинча ўртача 2,5 ёки 3 литр сув истеъмол қилинади. Сув ичиш масаласида энг тўғри усул Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари – ўтирган ҳолатда, шошилмай ичишдир.
– Куннинг қайси вақтларида сув ичган яхши?
– Сувни ҳар қандай вақтда ичса бўлади. Бироқ кўп инсонларда нотўғри овқатланиш ва сувни етарлича ичмагани сабабли кечга яқин, яъни шомдан кейин терида шишлар пайдо бўлади. Бу шишлар аслида буйракда муаммо борлигини билдиради.
– Сувни тўғри ичишнинг озишга таъсири борми?
– Сув инсонни оздирмайди. Ёғ – эриши қийин бўлган қуюқ модда. Бу моддани инсулин гормони танага қоплаб беради. Масалан, оддий идишингиздаги ёғни сув билан юволмайсиз. Махсус восита бўлмаса, баъзи ёғлар кетмайди. Инсон сувни вақтида ва етарли миқдорда истеъмол қилса, озиши мумкин.
– Кўп қаватли уйлардаги сувлар, қудуқ сувларининг фойдали ва зарарли жиҳатларига тўхталсангиз.
– Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли хлорли сув ичишдан эҳтиёт бўлишлари зарур. Хлорли сувни шиша ёки сирли идишда тиндириб, сўнгра қайнатиб ичиш керак. Қайнатилган сувни яна қайнатиш зарарлидир.
Бугун сувни фильтрлаб берадиган турли жиҳозлар кўпайди. Шулардан фойдаланиш мумкин. Дўконларда сотилаётган дистилланган сув ҳам минералларга бой.
Соғлом бўлай десангиз, ичаётган сувингизга эътиборсизлик қилманг.
Камола АДАШБОЕВА
суҳбатлашди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан