Шу йил 5-7 август куни Наманган вилоятидаги "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2025-2026 ўқув йили учун кириш имтиҳони ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ҳамда масъул ходимлари, "Ҳидоя" ва "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда қабул бўйича масъул ходимлари, абитуриентлар иштирок этмоқда.
Дастлаб абитуриентлар имтиҳон рухсатномасида кўрсатилган вақт бўйича тартиб билан киритилиб, мутасаддилар томонидан тест имтиҳони тартиби тушунтирилди. Шундан сўнг тест синовларига старт берилди.
Ушбу жараён адолатли ўтиши учун соҳа мутахассислари билан бир қаторда турли ташкилот вакиллари жалб этилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил 2-ҳудуд Наманган вилоятидан иштирок этадиган абитуриентлар сони 2190 нафарни ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши якунланиш босқичида турибди. Айни вақтда марказ биносида қурилиш ва ички безак ишлари деярли тугалланган, экспозиция ва контент билан бойитиш ишлари фаол равишда олиб борилмоқда.
Ҳозирда мамлакатимиз ва хориждан жалб қилинган 2000 га яқин олим, мутахассис, дизайнер, уста ва меъморлар 800 дан ортиқ лойиҳа устида иш олиб бормоқда.
Биринчи босқичда намойиш этилиши режалаштирилган тахминан 400 та лойиҳа Президентимиз томонидан илгари сурилган “Цивилизация, шахс, кашфиёт” концепцияси асосида шакллантирилмоқда. Мазкур концепцияга мувофиқ, экспозициялар тарихий, илмий манбалар ва археологик далилларга асосланган ҳолда мазмун билан тўлдирилмоқда.
Жумладан, марказ контентини бойитиш мақсадида 59 та макет яратиш режалаштирилган бўлиб, улардан 24 таси замонавий 3D форматида бўлади. Барча макетлар юқори сифатли, аниқ ва илмий асосланган бўлиши талаб этилади. Макетлар музей даражасига мос бўлиши ва вақт омили сифатга таъсир қилмаслигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу соҳадаги муҳим ҳамкорлик ташаббусларидан бири алоҳида эътиборга сазовор. Ўзбекистондаги энг оммабоп телеплатформалардан бири — “Sevimli” телеканали тарихий ёдгорликларнинг макетларини тайёрлаш ишларини амалга оширмоқда.
“Sevimli” телеканали томонидан Ислом цивилизацияси маркази музейига 25 та тарихий меъморий ёдгорлик макетини бепул тақдим этиш режалаштирилган. Ушбу макетлар “Artefact” компанияси томонидан телеканал буюртмасига биноан тайёрланмоқда. Ушбу жараёнда 15 нафар мутахассис – техник ходим ва моделлаштириш дизайнерлари фаол иштирок этмоқда.
И.Аҳмедов тайёрлади.