Дадам ёшлигимиздан бизни муаммоларимизни бирга ҳал қилишга ўргатганлар. Оилада қайси биримиз бўлса ҳам, муаммоли вазиятга дуч келсак, дадам фарзандларининг ҳаммасини тўплар эдилар ва “Укаларингизнинг шундай-шундай муаммолари бор экан, келинглар, унга қандай ёрдам беришни ўйлаб кўрайлик” деб барчани фикрлашга чақирардилар. Ўша муаммоларнинг аксарияти дадамнинг бир ўзлари ечим топа оладиган муаммолар эди. Лекин дадам бизни муаммо хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, мушкул вазиятда жигарларни ташлаб қўймасликка, қўлдан келганича бир-биримизга ёрдамга шошилишга ўргатдилар.
Эсимда, коллежда ўқиб юрган пайтларим менга ўқишим учун калькулятор жуда зарур бўлиб қолди. Ўша пайтда дадамнинг ишлари жуда ҳам яхши эмас, унинг устига мен ўқишим учун олмоқчи бўлган калькуляторнинг нархи бироз баландроқ эди. Шундайлигини билсам-да калькулятор мен учун асосий ўқув қуроли бўлганидан буни дадамга айтдим. Дадам: “Хўп, ўғлим, имкон қадар тезроқ олиб беришга ҳаракат қиламан”, дедилар.
Эртаси куни ўқишдан келсам, дарс қиладиган столимиз устида яп-янги калькулятор турибди. Уни кўриб кўзларим қувониб кетди. Дадамнинг хоналарига кирсам, намоз ўқиётган эканлар. Миннатдорчилик билдираман деб, намоздан чалғитмаслик учун овоз чиқармай кутиб турдим. Дадам намоз ўқиб бўлиб дуога қўлларини очдилар: “Роббим, Ўзингга беадад шукрлар бўлсин, фарзандларимни бир-бирига оқибатли қилганинг учун Ўзингга чексиз ҳамд айтаман, бугун катта қизим укасига калькулятор олиб берибди. Фарзандларим орасидаги меҳр-муҳаббатни бундан ҳам зиёда қилгин, оқибатларини охиригача гўзал қилгин...”.
Дадам орқаларида менинг кутиб ўтирганимни билмай дуони давом эттиравердилар. Шу топда опамнинг “Тенгдош дугоналарим кийиб олган янги кўйлакдан мен ҳам олмоқчиман” деб йиғиб юрган пуллари хаёлимга келди... Ҳа, опам менинг ўқишим учун кўйлак орзу-ҳавасидан воз кечган эдилар...
Опам пешонамдан ўпиб, “Укажоним ҳозир сен ўқишинг жуда муҳим, янги кўйлакни кейинроқ олсам ҳам бўлаверади. Эрталаб дадамга айтаётганингни эшитиб қолгандим, сен ўқишга кетгач, шартта бозорга бориб олиб келдим. Сен ҳеч ҳам хижолат бўлма, ҳозир фақат ўқиш ҳақида ўйла” деб мени анча хотиржам қилдилар.
Ўша куни туни билан ухлолмай ётдим. Бу воқеа... дадамнинг дуолари... опамнинг қилган ишлари... менга айтган гаплари... ҳаммаси кўз олдимдан бир-бир ўтаверди...
Демак ака-ука ва опа-сингиллар орасидаги яқинлик ўз ҳожатларидан уларни устун кўриш даражасида яқин бўлиши керак экан деган хулосага келганман ўшанда.
Отам бизни шахзодалару маликалар каби боқмаган бўлсалар ҳам, бизга унча-мунча оталар бера олмайдиган олтинлардан ҳам қиммат тарбияни бериб кетган эканлар. Отам қилган ишлари, тижоратларида омадлари келмаган бўлиши мумкин, лекин бу дунёдан мингта тижорат фойдасидан ҳам қимматбаҳо нарсани олиб кетдилар. Ортларида уларни доим эслаб дуо қиладиган, бирининг бошига муаммо тушганда ёрдамга барчаси ҳозиру нозир бўладиган фарзандлар қолдидриб кетдилар.
Ҳа, бугун ака-укалар бир-биримидан узоқда, ҳатто бошқа-бошқа шаҳарларда яшаймиз. Лекин доимо қалбан биргамиз. Қачон биримизнинг бошимизга муаммо тушадиган, мушкул вазиятга кириб қоладиган бўлсак, ҳамма бирданига ёрдамга шошилади, ҳеч ким ўзини четга тортмайди.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, дадам ўша ёшлик пайтимизда қилган услубларини ҳозир ҳам амалда қўллаймиз. Керак бўлса, бир уйга йиғилиб, ўша болалигимиздагидек “Қандай ёрдам берсак бўларкин” деб бош қотирамиз.
Буларнинг сабаби, албатта аввало Аллоҳнинг фазли ва қўрс-қўпол койишлар, танбеҳу дашномлар билан эмас, ўзининг амали билан бизга тарбия берган дадамнинг шарофатларидир. Аллоҳ отамиздан рози бўлсин, Ўз раҳматига олган бўлсин.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан