Шу йил 12-13 август кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида "Сунъий интеллект асрида диний уламоларнинг ўрни" мавзусида конференция ўтказилмоқда.
Анжуман Мисрнинг Дарул-Ифто ташкилоти, Бутун дунё фатво идоралари ва институтлари Бош котибияти томонидан Президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ҳомийлигида ташкил этилган.
Халқаро анжуманда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан муфтийлар, вазирлар, уламолар ва ахборот технология мутахассислари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Фатво маркази бош мутахассиси Абдуллатиф домла Турсунов иштирок этмоқда.
Жорий йилги 10-халқаро фатво конференциясини очиб берган Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд ҳазратлари йиғилганларга миннатдорлик билдириш баробарида мавзу бўйича нутқ сўзлади.
Анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам мавзу юзасидан чиқиш қилиш асносида мамлакатимиз аҳолисининг диний эҳтиёжларини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, хусусан, Фатво маркази фаолияти ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, мамлакат вақфлар вазири доктор Усама Ал-Азҳарий, Жазоир Дин ишлари ва вақфлар вазири доктор Юсуф Белмаҳдий, Абу-Дабидаги Ислом ишлари ва вақфлар умумий бошқармаси раиси, доктор Умар Ал-Дерай, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Халқаро Ислом фиқҳи академияси бош котиби доктор Қутб Сано, Фаластин Бош судьяси ва Фаластин Президентининг Дин ишлари бўйича маслаҳатчиси доктор Маҳмуд Сидқий Ал-Ҳаббаш ва бошқалар сўзга чиқди.
Анжуманда нотиқлар рақамли трансформация ва сунъий интеллект даврида фатво беришдаги муаммолар, шариат ва замон талаблари ўртасидаги мувозанатга эришиш йўллари тўғрисида маъруза қилиш баробарида мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
حدثنا أبو مسلم البصري حدثنا الرمادي نا سفيان بن عيينة نا الزهري أخبرني عامر بن سعد عن أبيه أن النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم قال: ”أعظم المسلمين في المسلمين جرما: من سأل عن أمر لم يحرم فحرم على الناس من أجل مسألته.“
Омир ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Мусулмонларнинг гуноҳи энг каттаси – ҳаром қилинмаган иш ҳақида сўрайвериб, унинг ҳаром қилинишига сабаб бўлган кишидир”, дедилар”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси