Cавол: Мени ёш фарзандим бор. Бир қўшни аёл уни кўриб қолса, “Бу бунчалар чиройли экан”, “Ширинлигини қаранг буни” деб кўп гапиради. Шунда кўз тегмаслиги учун нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Кўз тегиши воқеъликда бор нарса экани кўплаб ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз тегишидан Аллоҳ паноҳ беришини сўранглар, чунки кўз тегиши – ҳақдир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Кўз тегишига қарши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони ўқиб дам солардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб: “Уъийзукумаа бикалимаатиллаҳит-тааммати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин. Ва мин кулли айнин лаамматин”
Маъноси: “Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман” деб айтардилар ва сўнгра: “Бобонгиз (Иброҳим алайҳиссалом) булар ила Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломга паноҳ тилар эди”, дердилар” (Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар).
Яна шуни таъкидлаш лозимки, киши бирор неъматни кўрганида унга кўзи тегиб, зарар етиб қолмаслиги учун кўрган неъмат ҳаққига дуо қилиб қўйиши керак. Шунда ўзига тегишли бўлган ёки бирор биродарига тегишли бўлган нарсага зиёни тегиб қолмайди. Бу ҳақда Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Сизлардан бирингиз ўзида, молида ёки биродарида кўзни қувонтирадиган нарсани кўрса, унга барака сўраб дуо қилсин. Чунки кўз тегиши – ҳақдир” (Имом Ҳоким ривояти) Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Савол: Мен Туркия давлатида автомашиналарни ювиш хизмати (автомойка)да ишлайман. Баъзан такси ҳайдовчиларининг машиналарини ювганимизда ичида мижозларнинг буюмлари ва пуллари тушиб қолган бўлади. Шу пулларни ўзимизга олсак бўладими ёки таксичига беришимиз керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур буюм ва пуллар сизнинг ҳам, таксичининг ҳам мулки эмас, балки ўз эгасининг мулкидир. Шунинг учун эгасига қайтариш лозим. Бунинг учун сиз топилмани таксичининг ўзига қайтариб берасиз ва у ҳақиқий эгаларини топиш чорасини кўради. Эгасидан берухсат ишлатиб юбориши гуноҳ ҳисобланади.
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким йўқолган нарсани танитмай ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган).
Ҳозирги вақтда унутиб қолдирилган буюмларнинг эгасини топишнинг турли йўллари мавжуд. Унутиб қолдирилган нарсалар буюм ва пул сингари чириб, айниб қолмайдиган нарсалар бўлса, эгаси чиққунича ўзида сақлаб туради ва эгасини топишга жиддий киришади.
Эгасини топишдан буткул умиди узилган вақтда ўзи муҳтож бўлса, садақа ўрнида ўзига ишлатиши, бой бўлса, фақирларга эгасининг номидан садақа қилиб юбориши лозим бўлади.
Кейинчалик эгаси топилиб қолса, ҳолатни тушунтиради. Агар эгаси рози бўлса, садақанинг савоби унга бўлади. Эгаси рози бўлмай, нарсасини талаб қилса, қийматини тўлаб беради ва қилинган садақанинг савоби ана шу таксичининг ўзига бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.