Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик тантаналари арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида Жиззах вилояти масжидларида фаолият юритаётган диний соҳа ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
“Заковат” ўйини Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари доирасида ўтказилиб, интеллектуал беллашуви билан бир қаторда спортнинг футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ҳам мусобақалар ташкил этилади.
Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов, вилоят ҳокимлиги котибият мудири Нурали Раимов ва бошқа мутасаддилар интеллектуал беллашув бошланиши арафасида сўзга чиқиб, юртимиз истиқлол айёми муносабати билан ўтказилаётган мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўзладилар ҳамда иштирокчиларга омад ва зафарлар тиладилар.
Мазкур мусобақа ва беллашувлар диний соҳа ходимларининг ақлий ва жисмоний фаоллигини ошириш, ўзаро жамоавий ҳамфикрлигини қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятларини ошириш мақсадида Ёшлар иттифоқи ташкилоти ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тасдиқланган дастур асосида ўтказилмоқда.
20 та жамоа иштирок этган “Заковат” қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Интеллектуал ўйиннинг якунида 1-ўринни Жиззах шаҳар масжидлари ходимларидан иборат “Имом Бухорий”, 2-ўринни Пахтакор тумани масжидлари ходимларининг "Пахтакор" ҳамда 3-ўринни Шароф Рашидов тумани имом-хатибларидан тузилган "Шароф Рашидов" жамоаcи қўлга киритиб, ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, 2 сентябрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг мурожаат ва таклифларини атрофлича тинглади.
Очиқ ва самимий руҳда кечган қабул жараёнида Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган фуқароларнинг диний таълим муассасаларига ўқишга кириш, Умра зиёрати тартиби ҳамда масжидлар фаолиятига доир мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Учрашув давомида билдирилган масалалар юзасидан фуқароларга шаръий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, баъзи муҳим масалалар бўйича тегишли масъул ходимларга мурожаатларни қисқа фурсатларда қонуний ҳамда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган бу каби фуқаролар қабуллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати