Делегация таркибида бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов учрашувлар чоғида юртдошларимизни Мустақиллик байрами билан табриклаб, уларга ватан соғинчи, адолат ва маърифат руҳида суҳбатлар ўтказди.
Мулоқотларда диний бағрикенглик, ҳалол меҳнат, ижтимоий тармоқлардан масъулиятли фойдаланиш, ёшлар ўртасидаги диний саводхонлик ва турли ғаразли оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, иштирокчиларга тегишли мавзулардаги маълумотномалар ва буклетлар тарқатилди.
Сафар доирасида Ставрополь мусулмонлари қозиси Муҳаммад ҳазрат билан учрашув бўлиб ўтди. Шунга қўшимча, Халқаро Кавказ университетида таҳсил олаётган 285 нафар ўзбекистонлик талабалар билан алоҳида учрашув ўтказилди. Университет маъмурияти ўзбекистонлик ёшларнинг билимга чанқоқлиги ва одоб-ахлоқини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, "Овакон" МЧЖ қурилиш ташкилотининг 500 нафар, "Югстрой инвест" қурилиш ташкилотининг 200 нафар ишчилари билан ҳам ана шундай маърифий суҳбатлар ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг дуо ва саломлари етказилди. Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, диний-маънавий соҳа тараққиёти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати